“СУДЬЯ ВА ЁШЛАР” УЧРАШУВИ

Суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ва қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар моҳиятини тарғиб қилиш бўйича ёшлар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Айни жиҳатдан фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро суди томонидан Наманган шаҳридаги Президент мактабида “Судья ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.

2023 йил – “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” доирасида ўтказилган мазкур тадбирда Президент мактаби ўқувчиларига судьялар томонидан суд-ҳуқуқ тизимидаги сўнгги янгиликлар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан шу йилнинг 16 январь куни қабул қилинган «Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ва «Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонлари мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди.

Албатта, Президент мактаби ўқувчилари орасида келгусида суд тизимида фаолият олиб бориб, адолатли судья бўлишни мақсад қилган ёшлар ҳам топилади. Айни жиҳатдан самимий мулоқотларда судьялик касби, унинг масъулияти ҳақида ҳам сўз борди. Ўз ўрнида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, судьялардан батафсил жавоб олдилар.


Санобар Тўрабаева,

фуқаролик ишлари бўйча Учқўрғон туманлараро суди судьяси