on 14 Fev 2023 By admin Янгиликлар Суд-ҳуқуқ ислоҳоти: “Инсон қадри учун” Давлат ва жамият ривожида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, одил судловга эришиш, қонунийликни мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши самарали курашиш муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистонда барча соҳалар қатори бу йўналишда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнларда одил судловни таъминлаш, суд идорасига келган ҳар бир инсонинг муаммосига адолатли ечим топишга эътибор қаратилмоқда.Жорий йилнинг 16 январь куни Президентимиз томонидан қабул қилинган “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлар 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишда муҳим қадам бўлди. Ушбу ҳужжатларга мувофиқ, суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли Стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури тасдиқланди. Стратегия доирасида одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш, унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш белгиланди. Бу нима дегани? Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев халқ манфаатини ҳар нарсадан устун қўйиб, юртимизда халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилишини белгилаб берди. Мазкур тамойил бугун барча соҳаларда ўз тасдиғини топиб, аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланмоқда. йни жиҳатдан, мазкур фармон билан адолатли суд тизимини шакллантириш судларда халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилиш орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Бу икки муҳим ҳужжат билан суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судлар холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш, судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш, судьялар мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш, судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш белгилаб қўйилди.Фармонда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши қайд этилди. Бу бежиз эмас, албатта. Айрим ҳолатларда суд томонидан чиқарилган қарордан норози бўлиб, турли кўринишда тазйиқ ўтказиш, суд чақирувига кўра суд процессларига қасддан келмаслик, судьяни жамоатчилик олдида обрўсизлантириш ҳолатлари учраб турибди. Ҳужжатлар Янги Ўзбекистонда ислоҳотларнинг долзарб бўғини бўлган суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги муҳим қадам бўлди. Алишер Усмонов,Наманган вилояти судининг раиси