ХАЛҚНИ ЭМАС, ХАЛҚУМИНИ ЎЙЛАГАНЛАР

Юртимизда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, бу орқали кўплаб фуқароларнинг турмуш шароити яхшиланмоқда. Банкдан олинган кредитлар ҳисобига ўз бизнесини йўлга қўйиб, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаётган, бу орқали ҳам ўзига, ҳам жамиятга нафи тегаётган юртдошларимиз сони ортиб боряпти. Бу яхши албатта. Бироқ, айрим ҳолларда давлат томонидан аҳоли учун ажратилаётган кредит маблағларини талон-торож қилиш, ўзлаштириш билан боғлиқ ҳолатлар ҳам учраб турибдики, бу очиқдан-очиқ халқ мулкига кўз олайтириш, давлат бюджетини талаш ҳисобланади.  


1983 йилда Наманган туманида туғилган Жавоҳир Темиров (исм-шарифи ўзгартирилган) ана шундай халқ учун ажратилган пулларни ўзлаштириб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган кимсалардан бўлиб чиқди.

Давлат ташкилотида масъулиятли лавозимда ишлаш – халқ учун хизмат қилиш дегани. Аммо, Жавоҳир Темиров Марказий банкнинг Наманган вилоят бошқармасида мутахассис сифатида фаолият юритиб, халқни эмас, халқумини ўйлади. Бу эса алал-оқибат уни жиноятга етаклади.


Жавоҳир Темиров жиноий шериклари билан ўзаро тил бириктирган ҳолда, “Ҳар бир оила – тадбиркор“ Давлат дастури доирасида фуқароларга ажратилган кредит маблағларини ўзлаштириб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади. Хусусан, “Агро банк”нинг Тўрақўрғон филиалидан асаларичилик йўналиши бўйича фуқаро Г.Юсуповага ажратилган 26 млн. сўм ҳамда фуқаро А.Нуриевга ажратилган 25.5 млн. сўм пулларни жиноий шериги Жобир Сиддиқов раҳбарлигида ташкил этилган масъулияти чекланган жамият ҳисоб рақамига тушириб олади.


Яна бир ҳолатда эса “Агро банк”нинг Тўрақўрғон филиалидан иссиқхона қуриш йўналиши бўйича фуқаро С.Махмудовга ажратилган 26 млн. сўм ҳамда фуқаро И.Хабибуллаевага ажратилган 26 млн сўм миқдоридаги кредит маблағларини яна бир масъулияти чекланган жамияти ҳисоб рақамига тушириб, жиноий шериклари билан бирга пулларни ишлатиб юборади. Содир этган жиноятларини яшириш ва жавобгарликдан қочиш мақсадида эса фуқароларга маҳсулотлар етказиб берилганлиги юзасидан расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиб, банк филиалига тақдим этади.


Ўрганган кўнгил, ўртанса қўймас. Мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда қайта-қайта қинғир ишларга қўл урган Жавоҳир Темиров кўза кунда эмас, кунида синишини эсидан чиқариб қўйган эди. Аммо, ҳар қандай жиноий иш кун келиб фош бўлиши ва унга жазо муқаррарлиги бор гап. Айни жиҳатдан судда давлат бюджетидан ажратилган халқ пулларига хиёнат қилган Жавоҳир Темиров ҳамда унинг жиноий шериклари қилмиши атрофлича кўриб чиқилди. Суд ҳукмига кўра, жиноятчиларнинг айбига иқрорлиги ва қилмишидан пушаймонлиги ҳамда етказилган зарар қопланганлиги сабабли озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди.


Шу ўринда бир мулоҳаза. Маълум бир касб-корга эга бўлиб, қайсидир давлат ташкилотида масъул лавозимда фаолият олиб бориш учун инсондан йиллар, машаққатли меҳнат талаб қилинади. Зеро, малакали кадр, етук мутахассис бўлишнинг ўзи осон иш эмас. Бироқ, минг афсуски, йиллар давомида қилган меҳнатлари эвазига ана шундай даражага етган айрим кимсаларнинг жиноятга қўл уриб, элу юрт олдида шарманда бўлаётгани таажубланарли. Мақолада келтирилган ҳолат ҳам фикримизга яққол мисол.  

Шуҳратжон Қурбонов,

Наманган вилояти судининг судьяси