ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Наманган туманлараро маъмурий суди томонидан Наманган юридик техникумида тадбир ташкил этилди. Ўқув муассасасининг ўқувчи-ёшлари билан бўлиб ўтган мулоқотда давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 16 январь куни қабул қилинган “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди.

Тадбирда иштирок этган Наманган туманлараро маъмурий судининг судьялари Бибихон Акбарова, Сойибжон Рахимов Президант фармонида белгиланган муҳим йўналишлар, одил судловни таъминлаш борасидаги асосий вазифаларга тўхталиб ўтдилар. Хусусан, ушбу ҳужжат билан 2023-2026 йилларда суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли Стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури тасдиқлангани, Стратегия доирасида одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш белгилангани алоҳида таъкидланди.

Фармон билан суд тизими олдида турган долзарб вазифаларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Олий суд тузилмаси такомиллаштирилиб, Одил судлов соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш департаменти, Ахборот-коммуникация мониторинги – Вазиятлар маркази ҳамда Жамоатчилик билан ҳамкорлик маркази ташкил этилгани айтиб ўтилди.

Тадбирда шунингдек, “Коррупция – тараққиёт кушандаси” мавзусида ҳам фикр-мулоҳазалар юритилди.

Очиқ, самимий руҳда кечган мулоқотларда ўқувчи-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга судьялардан батафсил жавоб олдилар.

Озодбек Зиёвиддинов,

Наманган туманлараро

маъмурий судининг раиси