“ЎЗБЕКИСТОН – 2030” СТРАТЕГИЯСИ: СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР

Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармони билан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланиб, 5 та устувор йўналиш бўйича муҳим мақсадлар белгилаб олинди.


Наманган вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари томонидан Наманган шаҳридаги Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мазмун ва моҳиятини ёшларга тушунтириш мақсадида ҳуқуқий тадбир ўтказилди.


Стратегиянинг асосий мақсади халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлашдан иборат.


“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш, аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш, мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш асосий ғоялар сифатида кўрсатиб ўтилган.


Стратегияда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни амалга оширишга ҳам катта эътибор қаратилган. Конституция ва қонунлар устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашни суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолиятини инсон манфаатлари, қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтириш ҳамда адвокатура институтининг салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш масалалари ҳам стратегияда алоҳида қайд этиб ўтилган.


Жамиятимизда коррупцион ҳолатлар билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш учун стратегияда энг асосий йўналишлардан бири этиб коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ишларини жадал давом эттириш белгиланди.


Стратегияда ҳар бир инсонга, айниқса ёшларга ўз солоҳиятларини рўёбга чиқаришлари учун муносиб шароитларни яратишга катта эътибор қаратилганлиги алоҳида қайд этиб ўтилди.


Тадбир давомида мавзу юзасида талаба ёшларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар берилди.


Ғайратали Дарвешалиев,

Наманган вилояти судининг судьяси


«Адолат» ахборот тизимлари комплекси имкониятлари жамоатчиликка таништирилди

Наманган вилояти суди ҳамда вилоят маъмурий суди томонидан судлар фаолиятига жорий этилган “Адолат” ахборот тизимлари комплексида судьялар ва ташқи фойдаланувчилар учун яратилган имкониятлар билан адвокатлар, корхона ва ташкилотлар ҳамда юридик таълим муассасаларининг педагогларини яқиндан таништириш мақсадида тадбир ўтказилди.

Унда иштирокчиларга бугунги кунда судларда жорий этилган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳақида маълумот берилди.

“Адолат” ахборот тизими орқали иш ҳолатини кузатиб бориш, электрон тўлов тизимидан фойдаланиш, мурожат ва аризаларни электрон шаклда юбориш ҳамда бошқа интерактив хизматларни амалга ошириш юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.

ФАХРИЙЛАР ДОИМО ЭЪЗОЗДА

Қайси бир соҳада бўлмасин кўп йиллар элу юрт хизматида бўлган инсонлар доимо эъзоз ва эътиборда.


Шу жиҳатдан, жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ туман суди жамоаси суд фахрийси Сотволди Яхшибоев хонадонида бўлиб, фахрий судьяга эҳтиром кўрсатдилар.

Сотволди Яхшибоев 1986-1992 йилларда Мингбулоқ туман (собиқ Задарё райони) халқ суди раиси сифатида фаолият олиб борганлар. Иш фаолиятлари ўтиш даври, мустақилликнинг илк йилларига тўғри келган бўлса-да, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга, ҳақиқатни қарор топтиришга хизмат қилганлар. Шу боис ҳам бугунги кунда маҳалла-кўй орасида ҳурмат-эътибордалар.


Суҳбат жараёнида ўша даврлардаги қийинчиликлар эсланиб, бугунги суд тизимига кўрсатилаётган эътибор ва яратилган имкониятлар эътироф этилди.


  • Шуҳратжон Содиқов,
  • жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ туман суди раиси

2016-2023 ЙИЛЛАРДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН СУД-ҲУҚУҚ ИСЛОҲОТЛАРИ

✅ Суд-ҳуқуқ йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 50 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Улар асосида суд тизими тубдан такомиллаштирилди.

✅ Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган одил судлов соҳасидаги муҳим кафолатлар мустаҳкамланди.

✅ Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари кафолатларини таъминловчи маъмурий судлар ташкил этилди.

✅ Аҳолининг одил судловга эришиш даражасини ошириш, судга мурожаат қилишда уларга қулайлик яратиш мақсадида туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилди.

✅ Ягона суд амалиётини йўлга қўйиш мақсадида Олий суд ва Олий хўжалик суди фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди.

✅ Вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда вилоят даражасидаги умумюрисдикция судлари ташкил этилди.

✅ Судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизимини яратиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг органи сифатида суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган Судьялар олий кенгаши ташкил этилди.

✅ Судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида Олий судда Жамоатчилик билан ҳамкорлик маркази (PR Марказ) ҳамда вилоят ва унга тенглаштирилган судларда матбуот хизматлари ташкил этилди.

✅ Судьялар ўртасида ишларни инсон омилисиз, автоматик равишда тақсимлаш, судларга масофадан туриб электрон мурожаат ва суд ҳужжатларини тарафларга электрон шаклда юбориш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш, суд мажлисларини аудио- ва видеоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш тизими йўлга қўйилди.

✅ Президент фармони билан фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш Стратегияси тасдиқланди.


УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ

Наманган вилояти судида “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди. Унда кўп йиллар суд тизимида ишлаган фахрийлар, айни пайтда вилоятимиздаги суд идораларида фаолият юритаётган судьялар ҳамда ёшлар иштирок этдилар.

Тадбирда Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов суд фахрийларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар ҳақида гапириб, кекса авлод вакилларининг босиб ўтган йўллари, тажрибалари тизим ходимлари учун ибрат мактаби эканини таъкидлади.

Ўз ўрнида кўп йиллар суд ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда фаолият олиб борган, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрийлар бой тажрибалари ҳақида ёшларга сўзлаб бердилар. Фаолиятлари давомида рўй берган эсда қоларли ва ибратли воқеаларни эсга олдилар.

Якунда суд фахрийларига эъзоз ва эҳтиром кўрсатилди, самимий суҳбатлар бир пиёла чой устида давом эттирилди.    

Skip to content