Наманган вилояти маъмурий судида “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди.
Унда Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институтининг талабалари вилоят судига ташриф буюриб, маъмурий судлар фаолияти билан танишдилар.
Тадбирда дастлаб судьялар томонидан маъмурий судларнинг ташкил этилиши, фаолияти, қандай маъмурий низолар кўрилиши, шунингдек, кейинги йилларда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Суд идораларида ишлашнинг тартиб-қоидалари, судьялик касбининг масъулияти ҳақида сўз юритилди.
Эркин мулоқот тарзида кечган учрашувда талабалар суд тизимидаги ислоҳотлар, қабул қилинаётган янги қонунлар, қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.
Шу куни талаба-ёшлар Наманган туманлараро маъмурий судининг очиқ суд мажлисида ҳам иштирок этиб, суд жараёнини кузатиш имкониятига эга бўлдилар.
Наманган вилояти суди томонидан Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган спорт мусобақалари ўтказилди.
Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” мажмуасида спортнинг шахмат-шашка, стол тенниси турлари бўйича ташкил этилган турнирда Наманган вилояти судлари ҳамда вилоят маъмурий судининг судья ва ходимлари иштирок этдилар.
Суд ходимлари ўртасида соғлом турмуш-тарзини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган мусобақанинг очилиш маросимида Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов барча иштирокчиларга омад тилади.
Мусобақаларда жами 80 нафар судья ва ходимлар қатнашдилар. Шундан 16 нафари хотин-қизлар бўлиб, иштирокчилар ақлий салоҳиятларини шахмат-шашка беллашувларида синовдан ўтказган бўлсалар, стол тенниси баҳсларида эпчиллик ва чаққонликларини намоён этдилар.
Беллашувлар қизиқарли ва муросасиз вазиятларга бой бўлди. Дастлаб ҳар бир спорт тури бўйича кучлилар саралаб олиниб, кейинги босқичда ўзаро беллашдилар. Мусобақаларнинг ярим финал, финал баҳсларида эса барча рақибларини мағлуб этган спортчилар куч синашиб, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилдилар.
Хусусан, аёллар ўртасида бўлиб ўтган стол тенниси мусобақаларида Наманган вилояти маъмурий судининг иш юритувчиси Мадина Нормирзаева биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўринни фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг судьяси Майрамхон Сидиқова эгаллаган бўлса, учинчи ўрин ҳам мазкур суд судьяси Санобар Тўрабоевага насиб этди. Хотин-қизлар ўртасидаги шашка беллашувларида Наманган вилояти судининг судья катта ёрдамчиси Маҳфуза Мамадалиевага тенг келадиган рақиб топилмади. Иккинчи ўрин Наманган вилояти судининг иш юритувчиси Лола Хожашбаевага насиб қилди. Учинчи ўринни эса фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судининг раиси Соҳибахон Юлчиева эгаллади.
Эркаклар ўртасида ўтказилган стол тенниси баҳслари чин маънода ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлди. Кескин беллашувлар остида кечган мусобақада биринчи ўрин Наманган туманлараро иқтисодий судининг ходими Шоҳруҳ Шамсиддиновга, иккинчи ўрин жиноят ишлари бўйича Наманган туманлараро суди раиси Акмал Кенжабоевга, учинчи ўрин судлар фаолиятини таъминлаш департаменти Наманган вилоят ҳудудий бўлими ходими Акмалхон Қосимхоновга насиб этди.
Ақл чархи ҳисобланган шахмат белашувларида биринчи ўринни Наманган вилояти судининг бош консультанти Абдужалилхўжа Икрамов қўлга киритди. Иккинчи ўринни Наманган вилояти судининг судьяси Авазбек Инамов эгаллаган бўлса, учинчи ўринни жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг судьяси Алижон Қаҳрамонов қўлга киритди.
Мусобақанинг тантанали тақдирлаш маросимида вилоят судининг раиси ва ўринбосарлари ғолибларга диплом, медаллар ва эсдалик совғаларини топширдилар. Спорт мусобақаларини ўтказишда яқиндан ёрдам берган “Баркамол авлод” спорт мажмуаси раҳбарлари ҳамда мусобақа ҳакамларига миннатдорчилик билдирилиб, Наманган вилояти судининг қимматбаҳо совғалари тақдим этилди.
Наманган вилояти судининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими
Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди томонидан Наманган давлат университетида сайёр суд мажлиси ўтказилди.
Талаба-ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятга жазо муқаррар эканлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган сайёр судда маст ҳолатда йўл-транспорт ҳодисаси содир этиб, жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган шахсга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.
Мазкур иш бўйича процесс иштирокчиларининг музокаралари эшитилиб, иш ҳужжатлари ўрганилди. Якунда судланувчига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Бундан ташқари, сайёр суд мажлисда Пробация гуруҳи ҳисобида турувчи шахсларга оид тақдимномалар ҳам кўриб чиқилди. Хатоларидан хулоса чиқарган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, ҳалол ва фойдали меҳнат билан шуғулланиб, ҳаётини изга солишга уринаётган 15 нафар шахслар муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.
Наманган вилояти судида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда дастлаб Судьялар олий кенгаши қарорига асосан “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган фахрий судьяларга мукофотлар топширилди. Наманган вилоятидан бундай эътирофга кўп йиллар судьялик лавозимида самарали фаолият олиб бориб, кўплаб шогирдлар тарбиялаган Тоҳирахон Мўйдинова лойиқ кўрилдилар. Устозга кўкрак нишонини вилоят суди раиси Алишер Усманов топшириб, байрам билан муборакбод этди. Шунингдек, фахрий судья Мелихон Ташбаева Судьялар олий кенгашининг эсдалик қўл соати билан тақдирланди. Шу куни суд фахрийсининг 70 ёшга тўлиши муносабати билан Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси ва вилоят судининг Мелихон Ташбаевага йўллаган табриклари ўқиб эшиттирилди.
Шундан сўнг Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов тизимда фаолият олиб бораётган хотин-қизларни гўзаллик ва нафосат байрами билан муборакбод этиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг байрам табригини ўқиб эшиттирди. Ҳар бир суд фахрийси, судьяларга мазкур табрик топширилиб, уларнинг одил судлов фаолиятини амалга ошириш ва жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг суд идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш йўлидаги беқиёс хизматлари эътироф этилди.
Тантанали тадбирда шунингдек, Наманган вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Наргиза Аҳадовага вилоят ҳокими томонидан эълон қилинган фахрий ёрлиқ топширилди. Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Наманган вилояти суди раисининг ҳам бир гуруҳ аёлларни тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи эълон қилиниб, унга кўра Наманган вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Муяссар Султонова, вилоят судининг судья катта ёрдамчиси Дилдора Хатамова, Учқўрғон туманлараро иқтисодий судининг судья ёрдамчиси Сайёра Боқиева, фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судининг судья ёрдамчиси Камола Раймалиева, жиноят ишлари бўйича Чуст тумани судининг архив мудири Дилоромхон Раҳимова, жиноят ишлари бўйича Поп тумани судининг архив мудири Маърифат Абдуллаева, жиноят ишлари бўйича Чортоқ тумани судининг архивариуси Озодхон Рашидова ҳамда Олий суд ҳузуридаги судлар фаолиятини таъминлаш департаментининг вилоят ҳудудий бўлими раҳбар котиби Муножат Бахритдинова фахрий ёрлиқ билан тақдирландилар. Шу билан бирга бир гуруҳ хизмат кўрсатиш ходимларига вилоят судининг ташаккурномалари топширилди.
Тадбир давомида суд фахрийлари, судьялар мунис ва мўътабар аёлларни байрам билан табриклаб, самимий тилаклар билдирдилар.
Наманган вилояти судининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими
Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон аёл судьялари – адолат ва матонат тимсоли” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.
10 март – Халқаро аёл судьялар куни муносабати билан ташкил этилган нуфузли анжуманда мамлакатимизда фаолият юритаётган аёл судьялар, Қирғизистон ва Грузия давлатларидан хорижий эксперт сифатида аёл судьялар иштирок этдилар. Шунингдек, Зимбабведан эксперт онлайн тарзда қатнашди.
Конференцияда вилоятимиздан Наманган вилояти маъмурий судининг раиси Зарипахон Қурбонова, Наманган вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Бумайрам Бобомирзаева, фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг судьяси Майрамхон Сидиқова, Наманган туманлараро маъмурий судининг судьяси Бибихон Акбарова иштирок этдилар.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2024 | Namangan viloyat sudi