ЎЗАРО ТАЖРИБА АЛМАШИЛДИ

Наманган вилояти судларида фаолият олиб борувчи ахборот коммуникация технологиялари мутахассислари ҳамда судья ёрдамчилари  IT Park Наманган вилояти филиалида бўлиб, ўзаро тажриба алмашдилар.

Бугун Президентимиз томонидан барча соҳаларни рақамлаштириш, давлат бошқаруви, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳам “Рақамли суд” концепциясини кенг жорий этишда муҳим аҳамият касб этди.

АйТи-паркда бўлган суд ходимлари дастлаб бу ердаги шарт-шароитлар, Ай-Ти компанияларининг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Шундан сўнг, соҳа мутахассислари иштирокида мулоқот ташкил этилди. Унда сунъий интеллект ва рақамли технологиялар, уларнинг ривожланиши, бугунги кунда кенг татбиқ этилаётган йўналишлар ҳақида маълумот берилди. Суд ходимлари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ва саволлар уларнинг ушбу соҳадаги билимларини бойитишга хизмат қилди.  

ҲАМКОРЛИКДАГИ АМАЛИЁТ

Наманган вилояти судида Мажбурий ижро бюроси ҳамда Ички ишлар идоралари масъуллари иштирокида семинар ўтказилди.

Дастлаб семинарда суд ҳужжатлари ижросини ўз вақтида таъминлаш, бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш борасидаги вазифаларга тўхталиб ўтилди. Хусусан, жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судлар томонидан жорий йилнинг ўтган даврида Мажбурий ижро бюроларига юборилган ижро ҳужжатлари, уларнинг ижроси, шунингдек, ижро ҳужжатларининг қайтарилиш ҳолатлари юзасидан батафсил таҳлиллар ўтказилди. Шу билан бирга, Мажбурий ижро бюроларига келиб тушган ижро ҳужжатларининг ижроси ва ҳозирги ҳолати муҳокама қилиниб, ушбу жараённи янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар илгари сурилди.

Шунингдек семинарда “Айбига иқрорлик бўйича келишув” ва “Оилавий зўравонлик ҳамда шаҳвоний шилқимлик қилиш билан боғлиқ жиноятлар, маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш” мавзуларида суд амалиёти ва қонунчиликни қўллашдаги масалалар тўғрисида ҳам сўз юритилди. Бу бўйича сўз олган судьялар ва ички ишлар идоралари ҳодимлари амалиётда учраётган айрим камчиликларни бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳаза алмашдилар.

Семинар якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан суд, Мажбурий ижро бюроси ҳамда Ички ишлар идоралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ижро интизомини кучайтириш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.

А.МИРЗАЕВ,

Наманган вилояти суди раиси ўринбосари

Skip to content