АЁЛЛАР ВА БОЛАЛАР ҲУҚУҚЛАРИ – ҚОНУН ҲИМОЯСИДА

Мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича қонунчилик доирасидаги ислоҳотларга қўл урилмоқда. Хусусан, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар қоидаларини амалга ошириш мақсадида “Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари қабул қилингани мазкур йўналишда тизимли ишлардан дарак.


Шу йилнинг 11 апрель куни Президент томонидан имзоланган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларининг ишончли ҳимояси кафолати бўлди.


Мазкур қонун 18 моддадан иборат бўлиб, хотин-қизлар ва болаларга нисбатан шилқимлик ҳамда зўравонликнинг олдини олишга, оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилашга, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқлари билан боғлиқ халқаро индексларда мамлакатимизнинг ўрнини яхшилашга хизмат қилади. Шунингдек Болалар масалалари бўйича миллий комиссия, болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туманлар (шаҳарлар) комиссиялари фаолиятининг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратади.


Мазкур қонуннинг 12-моддаси билан Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан Қонун қуйидаги мазмундаги 231-модда билан тўлдирилди.


«231-модда. Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш


Тазйиқ ва зўравонлик ёки уларни содир этиш хавфи бартараф этилмаган тақдирда, тегишли ҳудудда тазйиқ ва зўравонликнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга ошириш учун масъул бўлган ички ишлар органининг мансабдор шахси томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг аризасига кўра, бир иш куни ичида ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш бўйича материаллар тайёрланади ҳамда ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома расмийлаштирилган ҳолда жабрланувчининг яшаш жойидаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига юборилади.


Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан йигирма тўрт соат ичида ёпиқ суд мажлисида жабрланувчи ҳамда тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс ҳозирлигида кўриб чиқилади.


Илтимосномани судда кўришда адвокат иштирок этиши мумкин.


Жабрланувчининг ҳамда тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахснинг суд мажлисига келиши ички ишлар органи ходими кузатуви остида амалга оширилади.


Тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахснинг суд мажлисида узрсиз сабабларга кўра ҳозир бўлмаганлиги ишни кўриб чиқишга монелик қилмайди. Агар суд мазкур шахснинг судда ҳозир бўлишини шарт деб топса, суд уни мажбуран олиб келиш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин.


Судья иш материаллари билан танишиб чиққанидан кейин ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисида ёки ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш ҳақида қарор чиқаради.


Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарорда қуйидагилар кўрсатилади:


ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор қабул қилинган вақт ва жой ҳақидаги маълумотлар, қарорни қабул қилган суднинг номи, судьянинг, тарафларнинг, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;


тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳамда тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган санаси ва жойи, машғулотининг тури ҳамда яшаш жойи;


ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар;


тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга нисбатан қўлланилган, ушбу Қонуннинг 26-моддасида назарда тутилган чекловларнинг рўйхати.


Суднинг ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарори ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради ва ички ишлар органлари томонидан дарҳол ижро этилади.


Судья тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга қарор устидан шикоят қилиш тартиби ва муддатини, шунингдек ҳимоя ордери талабларини ҳамда уларни бажармаслик оқибатларини тушунтиради.


Қарорнинг кўчирма нусхаси тазйиқ ва зўравонликнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга ошириш учун масъул бўлган ички ишлар органининг мансабдор шахсига, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига, шунингдек тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга дарҳол топширилади.


Агар улар суд мажлисига келмаган бўлса, қарорнинг кўчирма нусхаси бир сутка ичида почта орқали тарафларга юборилади.


Суднинг ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ёки ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги қарори устидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи, тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс, агар ишда иштирок этган бўлса, уларнинг адвокати, қонуний вакили томонидан 72 соат ичида апелляция тартибида шикоят қилиниши мумкин.


Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиниши унинг ижро этилишини тўхтатиб турмайди.

Ҳимоя ордери талабларининг бажарилиши устидан назорат ички ишлар органи томонидан амалга оширилади»;


Қонуннинг 24-моддасининг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:


«Ўн саккиз ёшга тўлмаган, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига ҳимоя ордерини бериш ҳамда уни узайтириш тўғрисидаги ариза уларнинг қонуний вакили ёки васийлик ва ҳомийлик органининг вакили ҳозирлигида кўриб чиқилади»;


Қонуннинг  26-моддаси эса қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилди:


«Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш масаласини ҳал қилишда, суд мазкур модданинг биринчи қисмида назарда тутилган чекловлардан ташқари қуйидаги чекловларни қўллашга ҳақли:


тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг муайян жойларга боришини тақиқлаш;


наркологик касалликдан амбулатория ёки стационар шароитларда даволаниш каби мажбуриятлардан бирини ёки бир нечтасини тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг зиммасига юклатиш;


тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг жабрланувчи яшайдиган уй-жой майдонидан ёки унинг бир қисмидан фойдаланиш, жабрланувчининг иш жойига ёки у жойлашган бошқа жойларга яқинлашиш ҳуқуқини вақтинчалик чеклаш»;


иккинчи ва учинчи қисмлари тегишинча учинчи ва тўртинчи қисмлар деб ҳисоблансин;


учинчи қисмидаги «биринчи қисмида» деган сўзлар «биринчи ва иккинчи қисмларида» деган сўзлар билан алмаштирилсин;


тўртинчи қисмидаги «Агар ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги масалани» деган сўзлар «Агар ҳимоя ордерини бериш ва унинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги масалани» деган сўзлар билан алмаштирилсин.


Ушбу қонун хотин-қизлар ва болаларга нисбатан шилқимлик ва зўравонликнинг олдини олишга, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш, мустаҳкамлашга, шунингдек, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқлари билан боғлиқ халқаро мезонларда мамлакатимиз ўрнини яхшилашга хизмат қилади.


Санобар Тўрабоева,

фуқаролик ишлари бўйича

Наманган туманлараро судининг судьяси


ХОТИН-ҚИЗЛАР ВА БОЛАЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИНГ ҚОНУНИЙ КАФОЛАТИ

Юртимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳар доим ҳам давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилган. 2023 йилнинг 11 апрелида “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги қонун ҳам мазкур йўналишдаги ишларнинг давоми бўлди.


Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига қуйидаги қўшимчалар киритилди.

Жумладан 12-модда қуйидаги мазмундаги ўн тўртинчи хатбоши билан тўлдирилди.


“ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг қўмита фаолияти ҳамда соҳадаги тизимли муаммолар ва уларнинг ечими тўғрисидаги ахборотини эшитади”;


Қонун 121-модда билан тўлдирилди.

121-модда. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларининг ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ўз ваколатлари доирасида:

жамият ҳаётининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришишга қаратилган ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлашда иштирок этади;


қонунчиликда белгиланган хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш чораларини кўради;


хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат дастурларини, миллий ҳаракатлар режаларини ва стратегияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;


қонунчиликда белгиланган хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини бериш тўғрисидаги статистик маълумотларни ва ахборотни мунтазам равишда йиғишни ҳамда таҳлил қилишни таъминлайди;


давлат бошқаруви органларига, ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишлари, шунингдек уларни келтириб чиқарувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар кўриш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритади;


хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кўзлаб судларга аризалар (шикоятлар) ва даъволар беради;


қонунчиликда белгиланган хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;


зарур ҳолларда, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича давлат органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда мутахассисларини жалб қилади, ишчи гуруҳлар тузади.


Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунига қуйидаги қўшимчалар ва ўзгартиш киритилди. Унга кўра, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари — хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича ва маъмурий судларга бериладиган аризалар, шикоятлар ва даъволар юзасидан давлат божи тўловидан озод қилиниши белгиланди.


Хулоса қиладиган бўлсак, ушбу Қонун мамлакатимизда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ҳамда ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришга, болалар орасида назоратсизликнинг ва улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга, шунингдек ногиронлиги бўлган болаларни ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш имконини беради.


Абдураҳмон Сафаев,

Наманган вилоят судининг фуқаролик

ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси


ТАДБИРКОРЛАРНИНГ ПУЛ МАБЛАҒЛАРИ ДАХЛСИЗЛИГИ ТАЪМИНЛАНАДИ

Давлатимиз томонидан хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантиришга тўлиқ эркинлик бериш, бу борадаги барча тўсиқлар ва чеклашларни бартараф этиш борасида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Дарҳақиқат, юртимиз  иқтисодиётини изчил ва барқарор ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини юксалтиришда тадбиркорларнинг ўрни беқиёс. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.


Авваллари тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ноқонуний ўтказиш ёки олиб қўйиш, шунингдек ортиқча ундирилган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик ҳоллари мавжуд бўлиб, амалдаги қонун ҳужжатларида бундай ҳоллар учун жавобгарлик чоралари аниқ белгиланмаган эди.


Эндиликда мазкур омилларни инобатга олган ҳолда шу йилнинг 10 май куни Президентимиз томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисоб варақларидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун имзоланди. Мазкур ҳужжатга асосан эндиликда тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари дахлсизлиги таъминланади. Тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказганлик ёки олиб қўйганлик ёхуд ортиқча ундирилган маблағларни ўз вақтида қайтармаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланди.


Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра, тадбиркорларнинг банк ҳисоб варақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд уларни ўз вақтида қайтармаслик, оз миқдорда талон-торож қилиш аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


Жиноят кодексига киритилган қўшимчага кўра, юқорида қайд этилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, БҲМнинг 200 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима, 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 3 йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш каби жазо чораларидан бири қўлланилишига сабаб бўлади.


Мазкур ҳаракатлар кўп миқдорда зарар келтирган бўлса ёки бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.


Шуниндек, ушбу ҳаракатлар жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланади.


Етказилган моддий зарарнинг ўрни қоплаган шахсларга нисбатан озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо чоралари қўлланилмайди.

Демак, мазкур қонун кучга кириши билан Янги Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларига қаратилаётган юксак эътибор иқтисодиётни янада либераллаштириш, тадбиркорларнинг жамият тараққиётидаги ўрнини  янада мустаҳкамлаш, ишбилармонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда самарали фаолиятини таъминлаш, уларнинг мулкий ҳуқуқлари дахлсизлигини ҳимоя қилиш билан бир қаторда аҳоли фаровонлиги таъминланишига ҳам хизмат қилади.


Алижон Қаҳрамонов,

жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг судьяси

ЭЪЗОЗ ВА ЭЪТИБОР ИФОДАСИ

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши ҳамда Судьялар ассоциацияси ташаббуси билан 9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан тадбир ташкил этилди.

Видеоконфренцалоқа тарзида республикадаги барча судларга уланган тадбирда суд фахрийлари, судьялар иштирок этдилар. Унда сўз олганлар кейинги йилларда мамлакатимизда суд идоралари ҳамда судьяларга қаратилаётган эътибор хусусида гапириб, мазкур жараёнларда айниқса, тизимда кўп йиллар меҳнат қилган фахрийларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ижобий ишлар амалга оширилаётганини таъкидладилар. Ушбу фикрлар тасдиғини Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонига биноан одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилган судьялар учун “Суд фахрийси” кўкрак нишони жорий этилганида ҳам кўриш мумкин.

“Хотира ва қадрлаш куни” байрами арафасида ҳам узоқ йиллар судьялик лавозимида самарали фаолият олиб борган соҳа фидоийлари “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирландилар. Тантанали тадбирда мукофотлар ўз эгаларига топширилди.

Ана шундай юксак эътиборга Наманган вилояти судидан 2 нафар судьялар муносиб деб топилдилар. Хусусан, Наманган вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Маҳаммадиброҳим Тўланов ҳамда фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Муяссар Султонова Судьялар олий кенгаши қарори билан “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирландилар. Юксак мукофотни Наманган вилоят суди раиси Алишер Усманов топшириб, тадбирга ташриф буюрган суд фахрийларини байрам билан муборакбод этди.

Тадбирда сўз олган мукофот эгалари одил судловни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги кўп йиллик фаолиятларига тўхталиб, мазкур ишонч янада масъулият билан ишлашга ундашини таъкидладилар. 

СУД ХОДИМЛАРИ МИНИ-ФУТБОЛ МУСОБАҚАСИДА БЕЛЛАШДИЛАР

Наманган вилоят суди томонидан 9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан вилоят, туман (шаҳар), туманлараро судлари ўртасида мини-футбол бўйича “Наманган вилоят суди раиси кубоги” мусобақаси ўтказилди.

Суд ходимлари ўртасида соғлом турмуш-тарзини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган мусобақанинг очилиш маросимида Наманган вилоят суди раиси Алишер Усманов барчани “Хотира ва қадрлаш куни” билан муборакбод этиб, барча жамоа аъзоларига омад тилади.

Беллашувлар қизиқарли ва муросасиз вазиятларга бой бўлди. Дастлабки босқчида тўп сурган 12 та жамоалар орасидан кейинги босқичга 6 та жамоа саралаб олинган бўлса, ярим финал баҳсларида Наманган вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати жамоаси Чортоқ, Косонсой, Норин туман судлари бирлашган жамоасига қарши, Янгиқўрғон туман судлари жамоаси эса учқўрғонлик ҳамкасбларига қарши майдонга тушдилар. Муросасиз кечган ярим финалдан сўнг финал ўйинида жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати жамоаси йигитлари Янгиқўрғон туман судлари жамоасига қарши тўп сурдилар. Мазкур ўйин 1-1 ҳисобидаги дурранг билан якунлангач, ғолиб пеналтилар сериясида аниқланди. Унга кўра Наманган вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати жамоаси 3-1 ҳисобида янгиқўрғонликларни доғда қолдирди ва мусобақанинг мутлоқ ғолибига айланди.

Мусобақанинг тақдирлаш маросимига сектор раҳбарлари, фахрий меҳмонлар ташриф буюрдилар. Дастлаб беллашувларнинг энг яхшилари аниқлаб олинди. Унга кўра, жиноят ишлари бўйича Норин туман судининг девонхона мудири Элёр Нурматов – “Энг яхши ҳужумчи”, фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг судья ёрдамчиси Зафар Темиров –   “Энг яхши ҳимоячи”, судлар фаолиятини таъминлаш департаменти Наманган вилоят ҳудудий бўлими бош муҳандиси Зафаржон Дадабоев – “Энг яхши дарвозобон” ҳамда Наманган вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судья катта ёрдамчиси Жавлонбек Абдимиталов – “Энг яхши футболчи” номинациялари бўйича ғолиб деб топилдилар. Уларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Шундан сўнг ғолиб жамоалар тақдирланди. Якуний натижаларга кўра мазкур беллашувларда учинчи ўринни Чортоқ, Косонсой ва Норин туман судлари бирлашган жамоаси, иккинчи ўринни Янгиқўрғон туман судлари жамоаси эгаллади. Наманган вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати жамоаси эса биринчи ўринни қўлга киритиб, мусобақа ғолиби бўлди. Мазкур жамоаларнинг барча аъзоларига фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди. Биринчи ўринни қўлга киритган жамоа вакиллари эса мусобақа бош соврини бўлган кубокни бошлари узра баланд кўтардилар.           

УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ

Ҳар бир соҳанинг етук мутахассислари, фидойилари бўлади. Уларнинг йиллар давомидаги фаолияти ва тўплаган тажрибаси ёш касбдошлари учун ҳам ўрнак, ҳам намуна мактабидир. Наманган вилояти суд идоралари тизимида ҳам ана шундай суд фахрийлари, Устозлар кўпчиликни ташкил этади. 


Суд-ҳуқуқ соҳаси фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, уларнинг тажрибасини ёш судьяларга етказиш мақсадида Наманган вилоят маъмурий суди томонидан ўтказилган учрашув уч авлод вакилларини бир жойда бирлаштирди.

Тадбирда вилоятдаги суд идораларида кўп йиллар фаолият олиб бориб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган Ғозихон Яҳёхўжаев иштирок этиб, ўз тажрибалари, меҳнат фаолиятидаги эсда қоларли ва ибратли воқеаларни сўзлаб берди. Шу билан бирга судьяликнинг масъулияти, ўзига яраша машаққатларига тўхталиб ўтди. Ҳар бир соҳада ҳам самарали фаолият олиб бориш ҳалоллик, фидойилик, доимий малака ошириш ва одоб-ахлоқ сингари мезонлар билан узвий боғлиқ эканлигини таъкидлади.

Тадбирда шунингдек, мамлакатимизда судлар фаолияти учун яратилаётган шароитлар, судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш борасида қилинган ишлар ва тизимдаги бошқа ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.


Уч авлод учрашувида ёш судья ва судьяликка номзод кадрларга соҳанинг ана шундай устозлар амалиётидан ўрин олган ўгитлари тушунтирилди.


Тадбир якунида суд-ҳуқуқ тизими фахрийсига вилоят маъмурий суди томонидан махсус эсдалик совғаси топширилди.

УЧ ОЙЛИК ФАОЛИЯТ ТАҲЛИЛЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар, матбуот анжуманлари ўтказиш белгиланган.


2023 йилнинг 20 апрель куни Наманган вилояти телерадиокомпаниясида вилоят судлари раисларининг ўринбосарлари – жиноят, фуқаролик, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раислари ҳамда вилоят маъмурий суди судьяси иштирокида суд идоралари фаолият таҳлилларига бағишланган Брифинг ўтказилди.

Брифингда дастлаб Президентимиз томонидан шу йилнинг 16 январь куни қабул қилинган “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ҳамда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонларнинг мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди. Мазкур икки муҳим ҳужжат билан аҳолининг одил судловга эришиш имкониятлари янада кенгайтирилиши, 2023-2026 йилларда суд тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқилиши таъкидланди. 


Мазкур чиқиш орқали Наманган вилояти суди раисининг ўринбосарлари – жиноят, фуқаролик, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раислари ҳамда вилоят маъмурий суди судьяси судларда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот бердилар.


Таҳлиллар, талқинлар, тафсилотларда вилоятдаги суд идоралари томонидан 2023 йилнинг биринчи чораги давомида кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий ишлар таҳлили, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан чиқарилган айблов ҳукмлари, жазо амалиёти, ишларни юқори инстанцияларда кўриш, оқлов ҳукми, судланганлик ҳолати шунингдек, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар юзасидан фаолият, ҳуқуқий тарғибот жараёнлари ифода топди.


Мазкур Брифинг айни вақтда “Наманган” телеканали ва “Олтин замин” радиосида тўғридан-тўғри, жонли эфирда намойиш этилган бўлса, Олий суд ва Наманган вилоят судларининг веб-сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди.


Шуҳратжон Қурбонов,

Наманган вилоят суди судьяси


ИНСОН ЭРКИГА ТАҲДИД

Бугунги кунда одам савдоси глобал муаммога айланиб, деярли барча мамлакатларда унинг турли кўринишлари учрамоқда.


Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоб китобларига кўра бутун дунёда 30 миллиондан ошиқ  киши қулдорликнинг замонавий шакли қурбонига айланяпти. Одамлар 127 мамлакатдан сотувга чиқаётганлиги ва улар 137 давлатда эксплуатация қилинаётганлиги аниқланган.


Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, одам савдоси қурбонларининг 71 фоизини аёллар ва болалар ташкил этади.

Шунинг учун ҳам БМТ Бош Ассамблеясининг 2010 йил 30 июлда “Одам савдосига қарши курашиш бўйича” Глобал ҳаракат дастури қабул қилинган. БМТ томонидан 2013 йил 30 июль куни Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни деб эълон қилинган.


Ўзбекистонда ҳам одам савдоси, хусусан, унинг трансмиллий кўринишларига қарши қатъий чоралар қабул қилинмоқда. Бу иллат билан курашишда нафақат давлат ташкилотлари, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда халқаро ташкилотлар ҳам  манзилли ишларни амалга оширмоқда.


2008 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган. Мазкур қонунга 2020 йил 17 августдаги Қонун билан бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.


Мамлакатимиз Олий Мажлиси томонидан сўнгги йилларда одам савдосига қарши курашишга  оид кўплаб халқаро ҳужжатларда назарда тутилган нормалар миллий қонунчилигимизга имплементация қилинган. Хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан одам савдосига қарши курашиш бўйича ўттиздан ортиқ икки томонлама шартнома ва битимлар имзоланган.


Қонунга асосан одам савдоси — куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш йўли билан одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилишдир.


Одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг энг кўп тарқалган турлари – одамларни бевосита сотиш ва сотиб олиш, қуллик, эрксизлик ва қарамлик, эркаклар ва аёлларнинг меҳнат эксплуатацияси, одамларни уларнинг аъзоларидан фойдаланиш мақсадида сотиш, болаларни сотиш ва сотиб олиш ҳисобланади.


Республикамизда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия ташкил этилиб, ўз фаолиятини олиб бормоқда. Идоралараро комиссиянинг вазифаларидан бири бу давлат органларини одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш йўналишидаги фаолиятини бирлаштириш ҳисобланади.


Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасининг 3-қисмида одам савдоси,  яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш  каби жиноятларини содир этганлик учун саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазо чоралари белгиланган.


Шубҳасиз одам савдоси оғир жиноят бўлиб, бундай жиноятларни содир этган шахсларга жазо муқаррардир.

Абдураҳмон Сафаев,

Наманган вилоят судининг

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

Skip to content