ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИГА КЎМАК
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, қулай меҳнат шароитларини яратиш, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун барча имкониятлар етарли. Бунинг учун мустаҳкам ҳуқуқий асослар мавжуд. 2023 йилни – “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили деб эълон қилиниши ҳам бежиз эмас. Бу йил қиш мавсумида хаво ҳарорати кескин совиб, бир оз инжиқроқ келганлиги ҳаммамизга маълум. Бунда бир қатор қийинчиликлар бўлганлиги ҳам табиий. Шу боис Президентимизнинг 2023 йил 3 февралдаги “Ҳаво ҳарорати кескин совиб кетишининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш учун тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, қийинчиликларга дуч келган тадбиркорлик субъектларига бир қатор имтиёзлар берилди.
Жумладан, ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши оқибатида қийинчиликларга дуч келган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва фаолиятини жадал қайта тиклаш мақсадида тадбиркорлик субъектларининг 2023 йил 1 январга нисбатан 1 февраль ҳолатига ошган (ҳосил бўлган) солиқ қарзини 2023 йил 1 мартдан 1 июлга қадар фоизларсиз, қўшимча шартлар қўймасдан ва таъминот талаб этмасдан тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилди. Унга кўра, солиқ қўмитаси солиқ қарзини бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги аризаларни 5 кунгача муддатда кўриб чиқади. Бунда, ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши даврида тўлиқ қувватда ишлай олмаган солиқ тўловчиларнинг январь ойи якуни бўйича ҳосил бўлган солиқ қарзини бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам берилади.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларининг солиқ қарзига пеня ҳисоблаш 2023 йил 1 апрелга қадар тўхтатилди. Ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўлланилиши, шунингдек, мазкур қарор кучга киргунига қадар қўлланилган жарималар ундирилиши 2023 йил 1 апрелга қадар тўхтатилди. Тадбиркорлик субъектларига 2022 йил декабрь ва 2023 йил январь-февраль ойларида давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловларини 2023 йил 1 мартдан бошлаб 1 июлга қадар тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилди. Тадбиркорлик субъектлари томонидан бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олинган давлат активлари бўйича 2022 йил декабрь ва 2023 йил январь ойларида тўланиши лозим бўлган тўловлар, шу жумладан дастлабки тўлов тўланмаганлиги учун фоизлар ва пенялар ҳисоблаш 2023 йил 1 апрелга қадар тўхтатиб туриладиган бўлди.
Шунингдек, 2022 йил декабрь ва 2023 йил январь ойларида давлат харидлари доирасида тузилган шартномалар шартлари ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши туфайли бажарилмаганлиги учун тадбиркорлик субъектларига давлат буюртмачилари (шу жумладан, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналар) томонидан жарима ва пенялар қўлланилмаслиги белгилаб қўйилди.
Энг асосийси, ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши оқибатида қийинчиликларга дуч келган тадбиркорлик субъектларига нисбатан 2023 йил 1 апрелга қадар давлат фойдасига ундирувлар билан боғлиқ суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг мажбурий ижроси тўхтатиб турилиши белгиланди.
Банк соҳаси бўйича ҳам жорий қиш мавсумида ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши туфайли талафот кўрган тадбиркорлик субъектларининг кредитлари бўйича 2023 йил январь – март ойлари учун тўловлар муддатини 2023 йил 1 июнга қадар узайтириш, муддати ўтган кредитларига жарима санкциялари ва гаров таъминоти бўйича 2023 йил 1 апрелга қадар ундирув чораларини қўлламаслик, фаолияти узлуксизлигини таъминлашга, шу жумладан вақтинчалик пул оқимларидаги узилишларини қоплаш ва айланма маблағларини тўлдиришга йўналтирилган қисқа муддатли (револьвер) кредит маҳсулотларини олдиндан маъқулланган (модул) қарорлар асосида таклиф этиш, носоз ҳолга келган асосий воситаларини таъмирлаш учун кредитлар ажратиш, кредит бюроларида кредитлари бўйича тўловлар муддатининг узайтирилишини уларнинг кредит тарихи ва скоринг кўрсаткичларини текширишда инобатга олмаслик бўйича тегишли чоралар кўриш белгилаб қўйилди.
Янги қабул қилинаётган қарор ва фармонлар мамлакатда амалга оширилаётган ислохотларнинг моҳиятини ёритиб беради. Юқоридаги берилган имтиёзларнинг барчаси тадбиркор ва кичик бизнес субъектларига енгиллик яратиш, қўллаб-қувватлаш ва улар фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган.
Осимжон Садиков,
Учқўрғон туманлараро иқтисодий суди раиси