Ўрганган кўнгил…

Барчамиз болалигимиздан биладиган бир ҳикоят бор. Қўшнининг уйидан тухум ўғирлаб чиққан болани қўлидагини олган онаси уни эркалаб ўпиб қўяди. Аслида қўллаб-қувватламаган, лекин жиддий чора ҳам кўрмаган. Орадан вақт ўтиб тухум иккитага кўпайган. Кейин яна каттароқ нарса тарбияни тепкилаб хўжаликка кириб келади. Бора-бора қусур илдиз олиб, одат, кўникмага айланади. Шу қадарки, бола ўрганган “ҳунар”исиз туролмайдиган бўлади. Бу нопок йўл уни дор тагига олиб келганда унинг кўзи очилади ва сўнгги тилак сифатида онаси билан кўришади. Фарзандининг афтода ҳолидан бўзлаб турган онаизор боласи томонидан қаттиқ жазоланади.

Ҳаётий кузатувлар ўғирлик иллатини бирдан пайдо бўлмаслигини исботлайди. Оиладаги муҳит, тарбия уни шакллантиради. Беписандлик, лоқайдлик ривож топтиради. Охир-оқибат…

Наманган вилоятидаги ўғирлик жинояти айни куч-қувватга тўлган, катталаримиз таъбири билан айтганда, “тоғни талқон қиладиган” йигит томонидан содир этилди. 23 ёшли Сафаев Умар (исм шарифлар шартли) аввал ҳам ўғирлик қилиб судланган. Ўшанда унга пушаймонлиги, оилавий шароити, ёшлиги, муқаддам судланмаганлиги каби бир қатор асослар билан ишонч билдирилиб, тўғри йўлга ўтиб олиши учун имкон берилган эди. Суд 2 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлаганди. Аммо орадан 4 ойгина муддат ўтиб Умар яна жиноятга қўл урди. Қизиғи шундаки, у ўғирлик жиноятини фирибгарлик билан ҳам амалга оширар, гоҳ алдов, гоҳ яширин тарзда кишиларни қақшатиб, мулкини талон-торож қиларди.

Наманган шаҳридаги “MEN-55” савдо мажмуасига ғараз ният билан кирган У. Сафаев 420.000 сўмлик эркаклар спорт кийими, 380.000 сўмлик “Nike” номли эркаклар спорт оёқ кийимини олиб сотувчининг олдига келади. Гўё шеригини кутаётган киши бўлиб бетоқатланиб ташқари чиқиб келаверади ва охири сотувчига юзланиб, “Шеригим сартарошга кирганди, навбатда туриб қолди чоғи, шундай шуни кўрсатиб келай , майлими?..”, – дея ишончига киради. Дўкон сафида салгина нарида бўлган сартарошхонадан зумда чиқар деган хаёлдами ёки ўта ишониб кетгани учунми сотувчи рухсат бериб юборади ва моллар ҳам, “харидор” ҳам изсиз йўқолади.

Ўз қилмишини фош бўлмаслигига ишонганиданми ёинки, қилаётган иши, келаётган текин даромад завқ берганми, Умар жиноий йўлида давом этади. У шаҳардаги 15-сонли мактабда қоровул бўлиб ишловчи Шокир Усаровга, нуфузли жойда ишлаши, уни тузукроқ ишга жойлаб қўйиши мумкинлигини айтиб бир-икки суҳбатлар қилиб боради. Бунинг учун унинг паспорти лозимлигини айтиб ишончига киради ва Ш. Усаровга тегишли паспортни олиб, унинг 4.000.000 сўм қийматга эга бўлган “ASUS” номли ноутбугини киноларни кўчириб олиш баҳонасида олиб изсиз йўқолади.

Йўлида давом этган У. Сафаев “ЮРА” савдо дўконига бориб сотувчининг ишончига кириб, фуқаро Ш.Усаровга тегишли бўлган паспортни ўзиники деб бериб (шу қадар ишонишганки, паспортни очиб кўришмаган) 475.000 сўмлик кийим-кечакларни олиб чиқиб кетган.

Бундан ташқари Умар бир неча кишини қимматбаҳо қўл телефонларини гаплашиб олиш учун олиб, фирибгарлик билан қўлга киритиб олиб қочиб кетиб талон-торож қилиб юборган.

Шунингдек, у хусусий дўконлардан бирига ғайритабиий равишда кириб, ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, у ерда бўлган 3.500.000 сўмлик музлатгич, 22.000.000 сўмлик музқаймоқ тайёрлаш аппаратини олиб чиқиб кетган.

У. Сафаевнинг кирдикорлари булар билан тугамаган. Наманган шаҳридаги “Камаро” ҳамда “Азизи” маҳаллаларидаги компьютер ўйинлари мажмуасига кириб 5.580.000 сўмлик бўлган “Play station -4” ўйин мосламаларини (2дона) барча комплектлари билан ғайритабиий равишда олиб чиқиб кетган.

Тўғри йўлдан тойилиб ўзини етук шахс, комил инсон эканлигини унутган У. Сафаевнинг кирдикорларига барҳам берилди. Албатта-да, қай бир жиноят изсиз кетибди-ки, бу ўзгаларнинг мол-мулки ҳисобига кун кўриб, текин даромад топиб юраверса. Қолаверса ўзганинг ҳаққи асло ош бўлмаслиги ҳам бор гап.

Суд бу гал У. Сафаевга жиддий жазо тури белгилади. Унинг қилмишларини адолат тарозисига солиб, 6 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилишга ҳукм ўқилди.

Хулоса ҳар бир шахснинг ўзида. Жамият аъзолари сафига битта илми комил, маънан, руҳан ва жисмонан етук шахсни қўшиш ҳар биримиз учун ҳам эзгу мақсад, шундай эмасми?..

Шу мақсадимиз ривожи йўлида нафақат ўзимиз, атрофимиздагилар тақдирига ҳам беписанд бўлишдан сақланайлик. Зотан, юртнинг ҳар бир фарзанди – бизнинг фарзандимиз.

Жамшидбек Маъмуров,

Наманган вилоят суди судьяси 

ишга мархамат

ЭЪЛОН!!!

Наманган вилоят суди, туман (шаҳар), туманлараро судларининг суд аппарати ходими лавозими захирасига олиш бўйича танлов эълон қилинади.

Танловда олий ва ўрта-махсус ўқув юртларини юриспруденция йўналиши бўйича тамомлаган мутахассислар иштирок этишлари мумкин.

Номзодлар аризага маълумотнома (объективка) ва яқин қариндошлари тўғрисидаги маълумотнома, диплом, (чет элда ўқиганлиги тўғрисидаги дипломга эса, диплом тан олинганлиги ва нострификация қилинганлигини тасдиқловчи гувоҳнома) паспорт ҳамда меҳнат дафтарчаси нусхаларини илова қилган ҳолда 2022 йил 5 октябрга қадар вилоят судининг девонхона бўлимига мурожаат этишлари мумкин.

Ҳозирги кунда бошқарув ходимлигига Наманган вилоят судининг судья катта ёрдамчиси, жиноят ишлари бўйича Норин туман судининг судья ёрдамчиси, фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг судья ёрдамчиси(0.5), фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судининг судья ёрдамчиси(1.5), жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ ва Учқўрғон туман судларининг архивариус лавозимлари вакант эканлиги маълум қилинади.


Манзил: Наманган шаҳри, Н.Номонгоний кўчаси, 10-уй.

Тайинлов

Шу йилнинг 28 сентябрь куни бўлиб ўтган Олий суд Пленумининг навбатдан ташқари мажлисида илк бор лавозимга тайинланган жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳамда маъмурий ва иқтисодий судлар судьяларининг қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилган эди.
Судьялар олий кенгашининг 2022 йил 23 сентябрдаги қарори билан лавозимда бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига тайинланган 18 нафар судьялар жойларда ўз вазифаларига киришдилар.
Хусусан, Судьялар олий Кенгаши қарори билан судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига

  • Эрматов Ярашжон Баратович – жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг судьяси,
  • Қаҳрамонов Алижон Қаҳрамонович – жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг судьяси,
  • Хайитов Мирзоҳид Акрамович – жиноят ишлари бўйича Чуст туман судининг судьяси,
  • Муҳиддинов Абдурасул Раҳимович – Чуст туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимига тайинландилар.

«Facebook»даги фитна

  • Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг ҳукми билан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) да назарда тутилган жиноятни содир этган шахсга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди

Педагоглар билан учрашув

Наманган туманлараро маъмурий суди томонидан Наманган туман Халқ таълими бўлимида давра суҳбати ўтказилди. Унда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, қонунчиликка киритилаётган ўзгаришлар, коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз борди. Шунингдек, 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар ижросига тўхталиб ўтилди. Тадбирда Наманган туманлараро маъмурий суди раиси Озодбек Зиёвиддинов, судья Нозима Тожиева ҳамда халқ таълими тизими ходимлари иштирок этдилар.

САЙЁР ҚАБУЛ

Наманган вилояти суд идоралари томонидан аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, фуқароларга суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни етазиш мақсадида “Менинг маҳаллам – менинг судьям” ғояси асосида сайёр учрашувлар ҳамда очиқ мулоқотлар ўтказиб келинмоқда.

Чортоқ тумани “Алихон” маҳалласидаги 18-мактабда ташкил этилган навбатдаги тадбир ҳам аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, оила ва никоҳ масаласига бағишланди. Унда фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят суди судьяси Умида Солиева, фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро суди раиси Наргиза Ҳалилова вояга етмаганлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, эрта турмушнинг салбий оқибатлари, ёшларни турли ёт иллатлар таъсиридан асраш борасида тушунтиришлар бердилар.

Қабул давомида маъмурий, оила ва мулкий муносабатларга оид мурожаатларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.


Озодбек Зиёвиддинов,
Наманган туманлараро
маъмурий суди раиси

“УЧ МАШҲУР ЎЗБЕК АЁЛИ”

Наманган вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ташаббуси билан Наманган шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан нашр қилинган “Уч машҳур ўзбек аёли” китоби тақдимоти ўтказилди.

Тадбирда иштирок этган Наманган вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Абдураҳмон Сафоев, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари Муяссар Султанова, Тўхтамурод Ражабов ўзбек ҳуқуқшунослигида катта мактаб яратиб, тизимнинг том маънода афсоналарига айланган академик Ҳадича Сулаймонова, профессор Мамлакат Восиқова ҳамда хизмат кўрсатган юрист Ҳалима Муҳитдинова ҳаёти ва фаолиятидан ҳикоя қилувчи мазкур китоб ҳақида фикр-мулоҳаза юритдилар. Тадбирда шунингдек, оила ва никоҳ масалаларида ҳам суҳбатлар ўтказилиб, тадбир иштирокчиларининг саволларига жавоб берилди.


Муҳайё ДЕДАМИРЗАЕВА,
Наманган вилоят судининг судьяси

Skip to content