

ТАҲЛИЛЛАР, ТАЛҚИНЛАР, ТАФСИЛОТЛАР
Очиқлик, ошкоралик, шаффофлик, холислик суд тизими фаолиятида ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу одил судловни таъминлаш ва судларнинг чинакам “Адолат қўрғони”га айланишига хизмат қилади.
Шу маънода судлар фаолиятидан жамоатчиликни мунтазам хабардор қилиб бориш яхши анъанага айлангани демократик ислоҳотлар тобора долзарблик касб этиб бораётган бугунги давр одимларига хос ва мос.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар, матбуот анжуманлари ўтказиш белгиланган.

Наманган вилояти судида ташкил этилган навбатдаги матбуот анжумани вилоят судларининг 9 ойлик фаолият якунларига бағишланди.
Наманган вилоят судининг жиноят, фуқаролик, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раислари, судьялар, Наманган вилоят маъмурий суди раиси ва судьялари иштирокидаги тадбирда 9 ойлик фаолият юзасидан ахборот бердилар.
Таҳлиллар, талқинлар, тафсилотларда вилоятдаги суд идоралари томонидан 2022 йилнинг 9 ойида кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий ишлар таҳлили, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан чиқарилган айблов ҳукмлари, жазо амалиёти, ишларни юқори инстанцияларда кўриш, оқлов ҳукми, судланганлик ҳолати шунингдек, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар юзасидан фаолият, ҳуқуқий тарғибот жараёнлари ифода топди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари матбуот анжуманида фуқаролларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш, одил судловни таъминлаш, қонунийлик ва адолат барқарорлигига эришиш билан борасида ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олдилар.

Жараён аниқ далиллар, фаолиятга оид таҳлилий маълумотлар одиллик ва шаффофликни таъминлашда эътибор қаратилаётган жиҳатларга оид масалалар билан қизғин ўтди.
Наманган вилояти судининг
жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

ОНЛАЙН СЕМИНАР
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Судьялар олий кенгаши томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ходимларини маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги роли билан таништириш белгиланган. Шунга кўра, Наманган вилоят маъмурий судида видеоконференцалоқа шаклидаги семинар бўлиб ўтди.

Маъмурий судларнинг судьялари, вилоят божхона бошқармаси ва Давлат солиқ бошқармаси ходимлари иштирок этган онлайн тадбирда маъмурий органлар қарорлари ва ҳаракатлари устидан маъмурий судларга мурожаат қилиш сабаблари, бу борада учраётгам муаммо ва камчилакларга тўхталиб ўтилди. Маърузачилар давлат органлари билан муносабатларда маъмурий суд амалиётида қонунларни қўллаш борасида шаклланган тажриба, шунингдек суд амалиётидаги баъзи бир муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида фикр-мулоҳаза билдирдилар.

Семинар иштирокчилари мазкур йўналишда ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоблар олдилар.
Фаҳриддин Мадраҳимов,
Наманган вилоят маъмурий судининг судьяси

ФАОЛИЯТ ТАҲЛИЛЛАРИ
Маълумки, 2022 йилнинг январь ойидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъатлари ҳузурида Судьялар одоб комиссиялари фаолият йўлга қўйилди. Бу бўйича Судьялар олий кенгаши қарори билан “Судьялар одоб комиссиялари тўғрисидаги Низом” тасдиқланди. Мазкур комиссия фаолияти судьялар томонидан Судьялар одоби кодекси қоидалари бузилиши ҳолатлари юзасидан жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари ҳамда оммавий ахборот воситаларида, интернет тармоғида эълон қилинган хабар ва маълумотларни ўз вақтида холис ўрганилишини таъминлашга қаратилган бўлиб, бу борада судьялар малака ҳайъатларига кўмаклашади.

Наманган вилоят судлари судьялари малака ҳайъати ҳузурида ҳам Судьялар одоб комиссияси фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ўзига юклатилган вазифаларни лозим даражада ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида турли учрашув ва мулоқотлар ўтказиб келинмоқда.

Хусусан, шу йилнинг октябрь ойи давомида Наманган вилоят иқтисодий судида, Чуст, Янгиқўрғон, Учқўрғон туманларида суд идоралари ходимлари, аҳоли вакиллари иштирокида давра суҳбатлари, турли тадбирлар ташкил этилди.

Уларда судьянинг обрў-эътиборига путур етказадиган, одоб-ахлоқ қоидаларига зид хатти-ҳаракатлари юзасидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ва оммавий ахборот воситалари ҳамда бошқа расмий манбаларда эълон қилинган маълумотлар комиссия томонидан судьяга нисбатан масалани ўрганишга асос бўлиши таъкидлаб ўтилди.
Жўрабек Карабоев,Наманган вилоят судлари судьялари малака ҳайъати ҳузуридаги Судьялар одоб комиссияси раиси

ҲУҚУҚИЙ ТАРҒИБОТ
Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда тарғибот тадбирларнинг ўрни муҳим. Шу жиҳатдан Наманган вилояти суд идоралари томонидан ҳам жойларда айни йўналишдаги давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар ўтказиб келинмоқда.

Фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро суди томонидан Чуст туманининг “Пансада” маҳалласида ташкил этилган тадбир ҳам одам савдоси ва коррупцияга қарши курашиш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, хотин-қизлар ўртасидаги жиноятчиликка барҳам бериш масалаларига бағишланди. Унда иштирок этган Наманган вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов хайъати судьялари Алишер Қўчқоров, Раҳмонжон Яхёхўжаев юқоридаги масалалар бўйича Наманган вилояти судлари томонидан олиб борилаётган ишларга тўхталдилар. Хусусан, бугун одам савдоси ва коррупция жиноятига қарши курашиш бутун дунёни ташвишга солаётган муаммо бўлиб, бу борада мамлакатимизда ҳам жиддий чора-тадбирлар белгилаб олингани таъкидлаб ўтилди.

Тадбирда шунингдек, хотин-қизлар ўртасидаги жиноятчилик таҳлил этилиб, бунга кўп ҳолларда оилавий келишмовчиликлар сабаб бўлаётгани таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, маҳаллаларда, кенг жамоатчилик ўртасида тушунтириш, тарғибот ишларини ўтказишга келишиб олинди. Тадбир якунида аҳоли вакилларининг суд-ҳуқуқ масалаларига оид саволларига жавоблар берилди.
Соҳиба Юлчиева,
фуқаролик ишлари бўйича
Чуст туманлараро суди раиси

АҲОЛИ МУРОЖААТЛАРИ ЭЪТИБОРДА
“Суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилиши лозим”. Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган ушбу фикрлар бугун суд идоралари фаолиятида ўзининг яққол тасдиғини топяпти.
Наманган вилояти судлари томонидан жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар натижасида аҳолини ўйлантираётган кўплаб масалалар ижобий ҳал этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Норин туманидаги Халқ қабулхонасида бўлиб ўтган бу галги қабулларда ҳам аҳоли мурожаатлари ўрганиб чиқилди.
Сайёр қабулда иштирок этган Наманган вилояти суди раиси Абдурасул Эранов, вилоят маъмурий судининг раиси Зарифахон Қурбонова ҳамда туман-шаҳар судларининг раис ва судьялари фуқароларнинг турли масалалардаги мурожаатларини ўргандилар.
Норинлик Мавлоно Абдуллаев сайёр қабулга бир муаммо билан келди. Унинг таъкидлаши ва Наманган вилоят суди раисига тақдим қилган ҳужжатларига кўра яшаш хонадонини вақтида кадастр рўйхатидан ўтказмаганлиги боис унга нисбатан агентлик ходимлари томонидан 3.000.000 сўм жарима белгиланган. Ҳозирда ушбу пулларни тўлашга имкони йўқлиги, шу боис жаримани камайтириб бериш бўйича амалий ёрдам сўраган. Мазкур мурожаат жойида ҳал этилиб, тайинланган 3.000.000 сўм жарима пули ўн баробарга, яъни 300.000 сўмга камайтириб берилди. Шунингдек, сайёр қабулда жазодан шартли озод қилиш, фуқаролик низоси, автотранспорт воситаси ҳужжатларини олиш, алимент ундириш каби ўнга яқин муаммоли масалалар кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.
Бугун суд идоралари фаолиятида асосий эътибор фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловни таъминлаш масаласига қаратилмоқда. Бу жойларда тизимли равишда ўтказилаётган сайёр қабуллар мисолида ҳам ўз ифодасини топяпти. Маъулумот ўрнида айтиш жоиз, жорий йилнинг ўтган 9 ойида Наманган вилоят судларига жами 6567 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 2689 таси қаноатлантирилган. 3673 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.
Наманган вилояти судининг
жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

