САЙЁР СУДЛАР: ОЧИҚЛИК ВА ОШКОРАЛИКНИНГ АМАЛИЙ ИФОДАСИ

Мамлакатимизда суд тизимидаги ислоҳотларни янада такомиллаштириш, одил судловни таъминлаш — Тараққиёт стратегиясининг 2026 йилгача бўлган даврига оид энг устувор йўналишлардан бири этиб белгиланган. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, суд идоралари адолат қўрғонига айланиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини амалда ишончли таъминлаши керак.

Аниқроқ айтганда, ушбу ислоҳатлардан кўзланган асосий мақсад — суд тизимини босқичма-босқич демократлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигига эришишдир.

Президентимизнинг 2017 йил 13 июнда Тошкент шаҳрида судьялар билан бўлиб ўтган тарихий учрашувида бу борада дастлабки қа­дам қў­йил­ган­ди.

Мазкур тадбирда давлатимиз раҳбари амалий ташаббуслар асосида суд идоралари, судьялар фаолиятини бутунлай янгича асосда, самарали ташкил этиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.

Айниқса, фуқароларнинг суд идораларида сарсон-саргардон бўлишига чек қўйиш зарурлиги уқтирилди. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида бу борадаги ишларни маҳалла, корхона ва ташкилотларда сайёр суд мажлисларида кўриш кўламини кенгайтириш масалалари ҳам му­ҳо­кама қилиниб, уларнинг ҳар би­ри бўйича аниқ тавсия ва амалий кўрсатмалар берилди.

Ушбу устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Наманган вилоя­ти судлари томонидан мунтазам равишда сайёр суд мажлислари ўтказиб келинмоқда. Хусусан, 2022 йил 9 ойи давомида вилоят судлари томонидан 41 минг 364 та иш сайёр суд мажлисларида кў­риб чиқилган.

Жумладан, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан ушбу даврда 38 минг 147 нафар шахсга нисбатан 30 минг 989 та жиноят ва маъмурий ишлар кўрилган. Шундан 7 минг 287 таси сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.

Сайёр судларда кўрилган ишларнинг 1 минг 200 тасини транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, ўғрилик, безорилик каби жиноят ишлари, 6 минг 87 тасини савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, со­лиқ қонунчилиги, йўловчи ташиш фалияти билан лицензиясиз шуғулланиш каби маъмурий ишлар ташкил қилган.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 2022 йилнинг 9 ойида 49 минг 324 та иш кўрилган бўлиб, шунинг 26 минг 999 таси никоҳдан ажратиш, яраштириш, кредит, алимент қарздорликларини ундириш, мерос масалаларига оиддир. Сайёр суд мажлисларида кўрилган ишларнинг 3 минг 270 таси тарафларни ўзаро келиштириш ҳамда яраштириш йўли билан ҳал этилган.

Иқтисодий судлар томонидан 2022 йилнинг 9 ойида 13 минг 239 та иқтисодий иш мазмунан кўриб чиқилиб, ҳал этилган. Шундан 7 минг 78 та иш сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.

Сайёр суд мажлисларида 514 нафар шахс Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган. Яна 299 нафар шахснинг жазо тури енгилроғи билан алмаштирилган.

Мисол учун жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди томонидан «Оби ҳаёт» маҳалласида ўтказилган сайёр суд мажлисида Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми, яъни қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш жиноятини содир этган шахснинг қилмиши кўриб чиқилди.

Аниқроқ айтганда, 1998 йилда туғилган А. Тўрамирзаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) таниши У. Эгамбердиева билан ўзаро жанжаллашиб, уни уриши ва тепиши оқибатида соғлигини бузилишига сабабчи бўлган ўр­тача оғир тан жароҳати етказган. Сайёр суд мажлисида томонларнинг ярашгани, айбланувчининг айбига тўлиқ иқрорлиги ва моддий зарарни­ қоплагани боис А. Тўрамирзаев жиноий жавобгарликдан озод қилинди.

Бу каби ишларнинг сайёр суд тартибида кўриб чиқилиши аввало жиноятчиликнинг олдини олишга хизмат қилади. Қолаверса, сайёр суд мажлислари бу борадаги ҳуқуқбузарликлардан аҳо­лини огоҳ этиш учун муҳим омил ҳисобланади.

Маълумки, Жиноят кодексининг 73-моддасида жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш, 74-моддасида жазони енгилроғи билан алмаштириш тартиби белгиланган. Ушбу қонун талабларига кўра, жазодан озод қилиш ёки енгилроғи билан алмаштириш ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган ҳамда жазонинг белгиланган қисмини ўтаган маҳкумга нисбатан қўлланилади.

Жиноят ишлари бўйича Поп тумани суди томонидан Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти 2-минтақавий ҳудуд 6-сонли жазони ижро этиш колониясида ўт­казилган сайёр суд мажлисида суд томонидан та­йинланган жазодан ўзига тегишли хулоса чиқариб, тузалиш йў­лига ўтган 30 нафар маҳкумнинг иши кўриб чиқилди.

Уларнинг 3 нафари, Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан, жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Шунингдек, сайёр суд мажлисида 5 нафар маҳкумнинг ўталмай қолган жазоси Жиноят кодексининг 74-моддасига кўра, енгилроқ жазо билан алмаштирилиб, жазони ижро этиш колониясидан озод қилинди. Яна 22 нафар маҳкумга нисбатан, Жиноят-ижроия кодексининг 113-моддасига асосан, ўталмай қолган озодликдан маҳрум қилиш жазосини манзил колонияларда ўташи белгиланиб, инсонпарварлик тамойиллари қўлланилди.

Сайёр суд мажлиси — судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини намоён қилади. Шу билан бирга, бу ишларни кўришда жамоатчилик иштирокини таъминлаш, қонунлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, фуқароларни мамлакатимиз Конс­титуцияси ва қонунларига риоя қилиш руҳида тарбиялаш, қонун устуворлигини таъминлашнинг самарали ва амалий шакли ҳамдир.

Зеро, сайёр суд мажлисларида қо­нунни бузган шахсларни оммавий муҳокама қилиш орқали жамиятда қо­нун бузилиши ҳолатларига нисбатан муросасизлик маданияти шакллантирилади.

Жамиятимизда шахсни тарбиялаш орқали соғлом муҳит яратиш вазифаси нафақат судлар, балки кенг жамоатчилик, қолаверса, ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини унутмаслик лозим. Ўтказилаётган сайёр суд мажлислари айни жиҳатдан муҳим тарбиявий аҳамият касб этмоқда.

Адҳамжон Мирзаев,

Наманган вилояти

суди раиси ўринбосари