МАДАНИЙ МЕРОС ОБЪЕКТЛАРИ ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА

Халқимизнинг умуммиллий бойлиги бўлмиш маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, уларни келажак авлодларга қолдириш муҳим масалалардан ҳисобланади. Шу боис ҳам бу борада ҳукуматимиз томонидан тегишли қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, тарихий-маданий қимматга эга бўлган ёдгорликларни сақлаш давлат назоратига олинмоқда.


Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Моддий маданий мерос объектлари ва ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар муҳофазасини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ҳам юртимиздаги археологик ёдгорликлар, диққатга сазовор жойлар, зиёратгоҳу обидаларни асраб-авайлашда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, мазкур ҳужжат билан моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳамда давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш, уларга шикаст етказиш бўйича тегишлича маъмурий ва жиноий жавобгарлик кучайтирилган.


Бироқ, олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга қарамай маданий мерос объектларига зарар етказиш ҳолатлари, афсуски, учраб турибди.


Наманган вилояти судининг жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан 2022 йил ҳамда 2023 йилнинг шу давригача 5 та ҳолатда маданий мерос соҳасига доир жиноят ишлари кўрилган бўлиб, уларда жами 157,4 млрд. сўм зарар етказилгани аниқланган.


Жумладан, 2023 йилнинг 3 март куни жиноят ишлари бўйича Поп туман судида Норин-Сирдарё ирригация тизимлари хавза бошқармаси ҳузуридаги насос-станциялари ва энергетика бошқармаси ходимлари Ж.У. ҳамда А.Ю.га оид жиоят иши кўриб чиқилган. Иш бўйича тўпланган ҳужжатларга кўра, Янгиқўрғон тумани, “Навкент” МФЙ, “Шўрқўл” кўчасида жойлашган “Ўрдатепа” археология ёдгорлиги Наманган вилояти ҳокими ҳамда Янгиқўрғон туман ҳокимининг тегишли қарорлари билан моддий маданий мерос ёдгорликларини сақлаш ва улардан фойдаланиш давлат инспекцияси балансига ўтказиб берилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сонли қарорига асосан археология ёдгорлиги сифатида миллий рўйхатга киритилган бўлса-да, судланувчи Ж.У ва А.Ю Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигидан тегишли рухсатнома олмасдан ёки туман ҳокимининг ер бериш тўғрисидаги қарорисиз, ўзбошимчалик билан уй-жой иморатлари қуриб ва дарахт экиб, давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектини қасддан нобуд қилишган. Суд Ж.Ув ва А.Ю.ни Ўзбекистон Республикаси эски таҳрирдаги ЖКнинг 132-моддаси 2-қисми ва амалдаги ЖКнинг 229-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топиб, уларга нисбатан тегишли жазо тайинлади. Шунингдек, судланувчи Ж.У.дан Наманган вилоят маданий мерос бошқармаси фойдасига 36.960.000.000 сўм, А.Ю.дан 31.920.000.000 сўм моддий зарар ундириш белгиланди.


Бу каби маданий мерос объектларига зарар етказиш, уларни қасддан нобуд қилиш билан боғлиқ жиноят ишлари Уйчи, Норин туманларида ҳам кўриб чиқилиб, давлат муҳофазасига олинган ёдгорликларга зиён етказган шахсларга нисбатан тегишли жазо чоралари қўлланилган. Шунингдек, суд ҳукми билан жами 77 млрд сўмга яқин маблағлар давлат фойдасига ундирилиши белгиланган.


Албатта, бундан кўзланган асосий мақсад тарихий ёдгорликларни асраб-авайлаш, уларни келажак авлодларга етказишдан иборат.


  • Наманган вилоят судининг
  • жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими