РЕФЕРЕНДУМ ҚОНУНЧИЛИГИ ВА АМАЛИЁТИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий  қонун лойиҳаси қабул қилинди ҳамда 2023 йилнинг 14 март куни Сенат мазкур қонунни ва уни жорий йилнинг 30 апрель куни ўтказилиши белгиланган умумхалқ референдумига қўйишни маъқуллади.

Ўзбекистон Республикасининг Референдуми — давлат ва ижтимоий ҳаётнинг энг муҳим масалалари бўйича, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва қарорларни қабул қилиш, уларни ўзгартириш, жамоатчилик фикрини аниқлаш мақсадида умумхалқ овоз бериши бўлиб, халқ ҳокимиятини бевосита амалга ошириш воситасидир.

Референдумда қабул қилинган қарорлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида олий юридик кучга эга бўлади ва фақат референдум ўтказиш йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари референдумда қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган руҳий касал фуқаролар, шунингдек суднинг ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган ёхуд жиноят-процессуал қонунларда белгиланган тартибда олдини олиш чораси қўлланган — ҳибсда ушлаб турилган шахслар референдумда қатнашмайдилар.

Келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий ҳолати, ирқи ва миллати, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, сиёсий ва ўзга қарашлари, муайян жойда қанча яшаётганлиги, машғулот тури ва характерига қараб фуқароларнинг референдумда қатнашиш ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита чеклаш ман этилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари референдумда ихтиёрий тарзда бевосита иштирок этадилар.

Референдумда овоз бериш яширин ўтказилади, фуқароларнинг ўз хоҳиш иродаларини изҳор этишларини назорат қилишга йўл қўйилмайди

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари референдумда тенг асосларда иштирок этадилар. Ҳар бир фуқаро шахсан овоз беради ва бир овозга эга бўлади.

Референдумни тайёрлаш ва уни ўтказиш давомида кенг ошкоралик, жамоатчиликнинг иштироки таъминланади.

Қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, оммавий ҳаракатлар, референдумни ташкил этишда ва уни ўтказишда қатнашаётган давлат ва жамоат идоралари ўз фаолиятларини очиқ ва ошкора амалга оширадилар.

Сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, бошқа жамоат бирлашмалари ва оммавий ҳаракатлар, меҳнат жамоалари ва фуқароларга референдумга киритилажак масалани ёқлаб ёки унга қарши бемалол ташвиқот юргизиш ҳуқуқи кафолатланади.

Овоз бериладиган кунда ташвиқот олиб бориш ман этилади.

Референдумга оид барча масалалар, шунингдек референдумга киритилажак қонун ёки ўзга қарорларнинг лойиҳалари тегишли идоралар томонидан қабул қилинганидан кейин етти кун мобайнида оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши керак.

Оммавий ахборот воситалари референдумни тайёрлаш қандай бораётганини ва унинг ўтишини ёритиб турадилар, уларнинг вакилларига референдум билан боғлиқ бўлган барча йиғилишлар ва мажлисларга бемалол кириш ва тегишли ахборотни олиш кафолатланади.

Референдум комиссиялари ўзларининг таркиби, манзилгоҳи ва иш вақтидан, овоз бериш участкаларининг ташкил этилганлигидан ва референдумда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг рўйхатидан аҳолини ўз вақтида воқиф қилади.

Референдумни тайёрлаш ва уни ўтказиш харажатлари Ўзбекистон Республикасининг давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг референдумда қатнашиш, ташвиқот юритиш ҳуқуқидан эркин фойдаланишларига зўравонлик билан, алдаш, таҳдид қилиш ёки ўзга йўл билан қаршилик қилувчи шахслар, шунингдек референдум ҳужжатларини сохталаштирган, овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаган, яширин овоз бериш принципини бузган ёки ушбу Қонунни ўзгача тарзда бузган референдум ўтказувчи комиссиянинг аъзолари, давлат ва жамоат идораларининг мансабдор шахслари, сиёсий партиялар ва ҳаракатларнинг вакиллари, ташаббускор гуруҳнинг аъзолари, имзо тўплаётган шахслар қонунда белгиланган жавобгарликка тортиладилар. Референдум ўтказувчи комиссиянинг аъзоларига нисбатан ҳақоратловчи муносабатда бўлган шахслар ҳам жавобгарликка тортиладилар.

Янги Ўзбекистонимизни янада тараққий этишини, фуқароларимизни қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатини берувчи “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум жорий йилнинг 30 апрель куни ўтказилади. Барча фуқароларимиз мазкур референдумда фаол иштирок этишлари мақсадга мувофиқдир. Зеро, янгиланаётган Конституция – эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдеворидир.

Абдураҳмон Сафаев,

Наманган вилояти судининг

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

ОБОДЛИК ВА ОЗОДАЛИК ТАДБИРИ

Республикамиздаги барча ҳудудларда, давлат ва жамоат ташкилотларида бўлгани каби Наманган вилоят судида ҳам “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди.

Озодалик ва поклик тадбирларида иштирок этган суд ходимлари шу куни юртимиз ободлигига ўз ҳиссаларини қўшдилар.

Умумхалқ хайрия ҳашари вилоятдаги барча судлов ҳайъатлари, туман ва шаҳар судларида уюшқоқлик билан ўтказилди.

ЮРИДИК ТЕХНИКУМДА ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ

Наманган вилоят юридик техникумида битирувчи талабаларни бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркаси ўтказилди.

Тадбир очилишида Наманган вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси А.Сафаев сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан Наманган вилоят юридик техникумида талабаларни яхши билим олишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилганлигини, мазкур жараёнда техникум битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.

Меҳнат ярмаркасида вилоятдаги корхона ва ташкилотлар ўзларидаги бўш иш ўринлари билан иштирок этдилар.

Маълумки, жамиятдаги барча соҳаларга ҳам ҳуқуқшунос кадрларнинг кўмаги зарур. Айни жиҳатдан мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхона-ташкилотлар, фермер хўжаликлари, масъулияти чекланган жамиятлари ҳуқуқшунослар билан меҳнат шартномаси тузиш истагини билдирмоқдалар. Меҳнат ярмаркасида айни жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шу куни кўплаб ёшлар кейинги фаолиятларини суд-ҳуқуқ тизимида олиб боришни ўз олдиларига мақсд қилиб қўйдилар.

Фурқатали Ахмедов,

Наманган вилоят судининг судьяси


ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШ

Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда дахлдор ташкилотлар билан ўтказиладиган муҳокамаларнинг ўрни муҳим. Ана шу жиҳатдан Наманган вилоят жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан 2021-2022 йилларда айрим турдаги жиноят ишларини кўриш амалиёти умумлаштириб чиқилганда, вилоятимиздаги ижтимоий соҳаларда жиноятчилик ошгани маълум бўлди. Шу боис жойларда муҳокама-йиғилишлари ўтказилди.

Наманган давлат университетида бўлиб ўтган тадбирда Наманган вилояти судининг судьялари иштирок этиб, таълим муассасаси ўқитувчилари ва талабалар билан учрашдилар.

Тадбирда талаба-ёшлар ўртасида учраётган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари муҳокама қилинди. Хусусан, ўтган йил давомида мазкур олийгоҳ талабалари ўртасида безорилик билан боғлиқ жиноятлар ошгани, бунга эса айрим талабаларнинг жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимай, турли жанжалларга аралашиб қолаётгани сабаб бўлмоқда. Муҳокамаларда иштирок этган Наманган вилоят судининг судьялари ана шундай талабаларни мисол келтириб, уларга жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жазо тайинлаганини, бу эса вилоятимиздаги нуфузли олий таълим муассасаси учун салбий ҳолат эканини таъкидладилар.

Муҳокамаларда шунингдек, талабаларнинг жиноятга қўл уришига сабаб бўлаётган омиллар таҳлил қилинди. Бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда тизимли ишлар ташкил қилиш лозимлиги белгилаб олинди.

Айни шу каби муҳокама-йиғилиши Наманган вилояти оила ва хотин-қизлар бошқармасида ҳам бўлиб ўтди. Хотин-қизлар ўртасида содир этилган жиноятчилик таҳлиллари ва уларни олдини олишга қаратилган тадбирда Наманган вилояти судининг судьялари томонидан 2022 йил давомида хотин-қизлар ўртасида талончилик билан боғлиқ жиноятлар ошгани айтиб ўтилди. Бунга сабаб бўлаётган омиллар таҳлил қилиниб, жиноятчилик ошган ҳудуд масъулларига тушунтиришлар берилди.

Марказий банкнинг Наманган вилояти бошқармасида бўлиб ўтган ана шундай мулоқотларда Наманган вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари иштирок этиб, молия институтларининг ҳуқуқшунос ва кредит билан боғлиқ амалиётда иштирок этувчи мутахассисларига банк соҳаси билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича айблов ҳукми чиқарилган ҳолатлар юзасидан батафсил тушунча бердилар.

Муҳокамалар якунида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда дахлдор ташкилотлар билан ҳамкорликда фаолият олиб боришга келишиб олинди.

САЙЁР СУД

Жиноят ишлари бўйича Поп туман суди томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилди. Унда туман ички ишлар бўлимининг Пробация гуруҳи ҳисобида турувчи назорат остидаги шахсларнинг иши кўриб чиқилди.

 Ўтказилган сайёр суд мажлисида Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан ички ишлар идораларининг жазодан муддатидан олдин шартли озод қилиш бўйича тақдимномалари кўриб чиқилиб, жазони ўташ даврида меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, жазони ўташ шартлари ва тартибига қатъий риоя қилган 16 нафар назорат остидаги шахслар муддатидан олдин шартли озод қилинди.  

АЁЛЛАРИ ЭЪЗОЗЛАНГАН ЮРТ

Наманган вилоят судида 8 март – “Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда иштирок этган Наманган вилоят суди раиси Алишер Усманов тизимда фаолият олиб бораётган хотин-қизларни гўзаллик ва нафосат байрами билан муборакбод этиб, одил судлов фаолиятини амалга ошириш ва жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг суд идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш йўлидаги беқиёс хизматларини эътироф этди.

Шодиёна иштирокчилари бўлган аёлларга эҳтиром кўрсатилиб, ташаккурнома ва совғалар топширилди.

Тадбирда шунингдек, Наманган вилоят судининг ўринбосарлари, судьялар ҳам мунис ва мўътабар аёлларни байрам билан табриклаб, самимий тилаклар билдирдилар.

БЎЛАЖАК ҲУҚУҚШУНОСЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Ҳуқуқий тарғибот – ҳуқуқий маданият омили. Айни жиҳатдан Наманган вилояти судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари томонидан Наманган юридик техникумида ҳуқуқий тарғибот тадбири ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ва «Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонлари мазмун-моҳияти ўқувчи-ёшларга атрофлича тушунтирилди. Судьялар мазкур фармонлар ижроси юзасидан одил судловни таъминлаш бўйича вилоят судларида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтдилар. Мазкур жараёнларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, судларни чинакам “Адолат қўрғони”га айлантириш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилаётган таъкидланди.

Тадбирда шунингдек, хотин-қизлар ўртасида зўравонликларнинг олдини олиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам тушунтиришлар берилди.

Ўқувчи-ёшларнинг мавзу бўйича билдирган фикр-мулоҳазалари ва берган саволларига судьялар томонидан жавоблар қайтарилди.  

Раънохон Мамажонова,

Наманган вилояти судининг

иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьяси

ҲУҚУҚИЙ ТАРҒИБОТ – ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТ ОМИЛИ

“Инсон ҳуқуқлари” ҳафталиги доирасида жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ туман суди томонидан тумандаги таълим муассасаларида тадбир ташкил этилди. Ёшлар билан ўтказилган учрашувлар “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусига бағишланди. Мулоқотларда “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари”, “Инсон қадри учун” мавзуларида сўз юритилиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар аҳоли манфаатларига хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек, суд-ҳуқуқ тизимидаги “Янги Ўзбекистон — янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш борасидаги вазифаларга тўхталиб ўтилди.

Тадбирда шунингдек, давлатимиз раҳбаринг «Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ва «Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонлари мазмун-моҳияти, ундаги муҳим йўналишлар, одил судловни таъминлаш борасидаги асосий вазифаларга ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, ушбу ҳужжат билан 2023-2026 йилларда суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли Стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури тасдиқлангани, Стратегия доирасида одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш белгилангани алоҳида таъкидланди.

Очиқ, самимий руҳда кечган мулоқотларда ўқувчи-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

Шуҳратжон Содиқов,

жиноят ишлари бўйича

Мингбулоқ туман суди раиси

ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ – ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

Наманган вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси ва судьялари томонидан Наманган давлат университетида очиқ мулоқот ўтказилди.


Унда давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ҳамда «Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони Фармони мазмун-моҳияти юзасидан талабаларга тушунтиришлар берилди.

Давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамаси, халқаро ва миллий маслаҳатлашувлар натижасида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ва “Йўл харитаси”  тасдиқланди.


Қарорга асосан 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб профессионал ва олий таълим тизимида “Инсон ҳуқуқлари”,  “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” бўйича тегишлича ўқув ва махсус курслар жорий этилиши белгиланди.

Тадбирда мамлакатимиз Президентининг мазкур қарорига асосан шу кунларда республикамиз миқёсида “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталиги ўтказилаётгани, мазкур ҳафталик доирасида олиб борилаётган тарғибот тадбирлари хусусида сўз борди. Наманган вилояти судининг судьялари томонидан таълим муассасаларида ўтказилаётган “Судья ва ёшлар” учрашувлари, “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусидаги мулоқотлар ўқувчи-ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини оширишда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.  


Бундан ташқари, тадбир давомида мамлакатимиз Президентининг 2023 йил 16 январдаги «Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ҳамда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонларининг мазмун-моҳияти юзасидан талабаларга атрофлича тушунтиришлар берилди.


Тўхтамурод Ражабов,

Наманган вилоят судининг

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИГА КЎМАК

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, қулай меҳнат шароитларини яратиш, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун барча имкониятлар етарли. Бунинг учун мустаҳкам ҳуқуқий асослар мавжуд. 2023 йилни – “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили деб эълон қилиниши ҳам бежиз эмас. Бу йил қиш мавсумида хаво ҳарорати кескин совиб, бир оз инжиқроқ келганлиги ҳаммамизга маълум. Бунда бир қатор қийинчиликлар бўлганлиги ҳам табиий. Шу боис Президентимизнинг 2023 йил 3 февралдаги “Ҳаво ҳарорати кескин совиб кетишининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш учун тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, қийинчиликларга дуч келган тадбиркорлик субъектларига бир қатор имтиёзлар берилди.

Жумладан, ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши оқибатида қийинчиликларга дуч келган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва фаолиятини жадал қайта тиклаш мақсадида тадбиркорлик субъектларининг 2023 йил 1 январга нисбатан 1 февраль ҳолатига ошган (ҳосил бўлган) солиқ қарзини 2023 йил 1 мартдан 1 июлга қадар фоизларсиз, қўшимча шартлар қўймасдан ва таъминот талаб этмасдан тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилди. Унга кўра, солиқ қўмитаси солиқ қарзини бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги аризаларни 5 кунгача муддатда кўриб чиқади. Бунда, ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши даврида тўлиқ қувватда ишлай олмаган солиқ тўловчиларнинг январь ойи якуни бўйича ҳосил бўлган солиқ қарзини бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам берилади.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларининг солиқ қарзига пеня ҳисоблаш 2023 йил 1 апрелга қадар тўхтатилди. Ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўлланилиши, шунингдек, мазкур қарор кучга киргунига қадар қўлланилган жарималар ундирилиши 2023 йил 1 апрелга қадар тўхтатилди. Тадбиркорлик субъектларига 2022 йил декабрь ва 2023 йил январь-февраль ойларида давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловларини 2023 йил 1 мартдан бошлаб 1 июлга қадар тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилди. Тадбиркорлик субъектлари томонидан бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олинган давлат активлари бўйича 2022 йил декабрь ва 2023 йил январь ойларида тўланиши лозим бўлган тўловлар, шу жумладан дастлабки тўлов тўланмаганлиги учун фоизлар ва пенялар ҳисоблаш 2023 йил 1 апрелга қадар тўхтатиб туриладиган бўлди.

Шунингдек, 2022 йил декабрь ва 2023 йил январь ойларида давлат харидлари доирасида тузилган шартномалар шартлари ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши туфайли бажарилмаганлиги учун тадбиркорлик субъектларига давлат буюртмачилари (шу жумладан, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналар) томонидан жарима ва пенялар қўлланилмаслиги белгилаб қўйилди.

Энг асосийси, ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши оқибатида қийинчиликларга дуч келган тадбиркорлик субъектларига нисбатан 2023 йил 1 апрелга қадар давлат фойдасига ундирувлар билан боғлиқ суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг мажбурий ижроси тўхтатиб турилиши белгиланди.

Банк соҳаси бўйича ҳам жорий қиш мавсумида ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши туфайли талафот кўрган тадбиркорлик субъектларининг кредитлари бўйича 2023 йил январь – март ойлари учун тўловлар муддатини 2023 йил 1 июнга қадар узайтириш, муддати ўтган кредитларига жарима санкциялари ва гаров таъминоти бўйича 2023 йил 1 апрелга қадар ундирув чораларини қўлламаслик, фаолияти узлуксизлигини таъминлашга, шу жумладан вақтинчалик пул оқимларидаги узилишларини қоплаш ва айланма маблағларини тўлдиришга йўналтирилган қисқа муддатли (револьвер) кредит маҳсулотларини олдиндан маъқулланган (модул) қарорлар асосида таклиф этиш, носоз ҳолга келган асосий воситаларини таъмирлаш учун кредитлар ажратиш, кредит бюроларида кредитлари бўйича тўловлар муддатининг узайтирилишини уларнинг кредит тарихи ва скоринг кўрсаткичларини текширишда инобатга олмаслик бўйича тегишли чоралар кўриш белгилаб қўйилди.

Янги қабул қилинаётган қарор ва фармонлар мамлакатда амалга оширилаётган ислохотларнинг моҳиятини ёритиб беради. Юқоридаги берилган имтиёзларнинг барчаси тадбиркор ва кичик бизнес субъектларига енгиллик яратиш, қўллаб-қувватлаш ва улар фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган.

Осимжон Садиков,

Учқўрғон туманлараро иқтисодий суди раиси

Skip to content