ОАВ ХОДИМЛАРИ ЭЪТИРОФ ЭТИЛДИ

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни. Мамлакатимизда 1993 йилдан буён нишонланиб келинаётган мазкур сана журналистлар, матбуот вакиллари, ижод аҳлига кўрасатилган эътиборнинг яққол тасдиғидир.

Сана муносабати билан Наманган вилоят судида байрам тадбири ташкил этилди. Унга вилоят, республикадаги етакчи оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб борувчи журналистлар, соҳа фидойилари таклиф этилдилар.

Тадбирда Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов қатнашиб, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини касб байрамлари билан муборакбод этди. Кейинги йилларда оммавий ахборот воситаларига, сўз эркинлиги, очиқлик сиёсатига эътибор кучайганини, буни бугунги кунда республикамизда 2 мингга яқин оммавий ахборот воситалари фаолият олиб бораётганида ҳам кўриш мумкинлигини таъкидлади.

Тадбирда сўз олган журналистлар Наманган вилояти суди ҳамда вилоят маъмурий суди билан олиб бораётган ўзаро ҳамкорликлари хусусида гапириб, мазкур жараёнларда янада фаол ва ташаббускор бўлишларини айтиб ўтдилар.

Шундан сўнг, Наманган вилоят суди ҳамда вилоят маъмурий суди билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, суд-ҳуқуқ соҳасини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишга ўз ҳиссасини қўшган журналистларга фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.