ЭЪЗОЗ ВА ЭЪТИБОР ИФОДАСИ

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши ҳамда Судьялар ассоциацияси ташаббуси билан 9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан тадбир ташкил этилди.

Видеоконфренцалоқа тарзида республикадаги барча судларга уланган тадбирда суд фахрийлари, судьялар иштирок этдилар. Унда сўз олганлар кейинги йилларда мамлакатимизда суд идоралари ҳамда судьяларга қаратилаётган эътибор хусусида гапириб, мазкур жараёнларда айниқса, тизимда кўп йиллар меҳнат қилган фахрийларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ижобий ишлар амалга оширилаётганини таъкидладилар. Ушбу фикрлар тасдиғини Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонига биноан одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилган судьялар учун “Суд фахрийси” кўкрак нишони жорий этилганида ҳам кўриш мумкин.

“Хотира ва қадрлаш куни” байрами арафасида ҳам узоқ йиллар судьялик лавозимида самарали фаолият олиб борган соҳа фидоийлари “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирландилар. Тантанали тадбирда мукофотлар ўз эгаларига топширилди.

Ана шундай юксак эътиборга Наманган вилояти судидан 2 нафар судьялар муносиб деб топилдилар. Хусусан, Наманган вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Маҳаммадиброҳим Тўланов ҳамда фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Муяссар Султонова Судьялар олий кенгаши қарори билан “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирландилар. Юксак мукофотни Наманган вилоят суди раиси Алишер Усманов топшириб, тадбирга ташриф буюрган суд фахрийларини байрам билан муборакбод этди.

Тадбирда сўз олган мукофот эгалари одил судловни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги кўп йиллик фаолиятларига тўхталиб, мазкур ишонч янада масъулият билан ишлашга ундашини таъкидладилар.