ЭЪЗОЗ ВА ЭЪТИБОР ЭЪТИРОФИ

Жамиятимиздаги барча соҳаларда тарих, бугун ва келажакни ўзида мужассам этган “Уч авлод учрашувлари” маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш яхши анъанага айланди. Бундай тадбирларнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, мулоқотларда иштирок этган ёшлар кекса авлод вакилларидан ҳаётий тажриба ўрганишса, бугунги соҳа фидойиларидан амалий кўникма ва тавсияларга эга бўлишади. Бу эса эртамиз эгаларининг истиқболида ғоят муҳим.

Наманган вилояти судида бўлиб ўтган ана шундай “Уч авлод учрашуви”да кўп йиллар республикамиздаги турли соҳаларда раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб борган инсонлар, суд тизимида ишлаган фахрийлар, айни пайтда вилоятимиздаги суд идораларида меҳнат қилаётган судьялар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этдилар.


Уч авлод вакилларини бирлаштирган тадбир самимий, очиқ мулоқотлар тарзида ўтди. Унда иштирок этган Олий Мажлис Сенати аъзоси, “Нуроний” жамғармаси вилоят кенгаши раиси Икромхон Нажмиддинов аввалги даврлардаги қийинчиликлар, меҳнат палласидаги машаққатлар, бугунги ўзгаришлар ва нуронийларга кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида фикр билдирди. Кўп йиллар суд, прокуратура, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда фаолият олиб борган, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрийлар сўзга чиқиб, босиб ўтган ҳаёт йўллари, бой тажрибалари ҳақида ёшларга сўзлаб бердилар. Фаолиятлари давомида рўй берган эсда қоларли ва ибратли воқеаларни эсга олдилар.

Суҳбат ва мулоқотларда мамлакатимизда инсон омилига юксак эътибор берилаётгани, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани ва бу судларни чинакам “Адолат қўрғони”га айланиши, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатлари, қонун устуворлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Тадбир бугунги кунда суд идораларида фаолият олиб бораётган ёшлар ва эртанги истиқболини айни соҳада кўришни истаётган талабаларнинг саволлари, фикр-мулоҳазалари билан янада қизғин ўтди.

Умрини эл хизматига бахшида этган инсонлар ҳамиша эъзоз ва эътиборда. Уларнинг босиб ўтган ҳаёт йўллари, тажрибалари эса ёшларга ибрат мактабидир.
Шу маънода учрашув кўп йиллар суд тизимида фаолият олиб бориб, суд мажлиси котиби лавозимидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси лавозимигача бўлган ибратли йўлни босиб ўтган суд фахрийси Мамаджон Ғанижоновни қутлуғ 70 ёшлари билан қутлашга уланиб кетди.

Дастлаб, Мамаджон Ғанижонов Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси васийлик кенгашининг биринчи даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шундан сўнг, Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов Устозни қутлуғ 70 ёшлари билан муборакбод этиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар Олий кенгаши, Наманган вилояти судлари ва вилоят ҳокимлигининг табриклари ҳамда эсдалик совғаларини топширди. Ўзбекистон Судьялари Ассоцияцияси томонидан йўлланган табрик ва тақдим этилган совғалар суд тизимида меҳнат фахрийларига кўрсатилаётган эъзоз ва эҳтиромнинг амалдаги ифодаси бўлди.