ЮРТ КЕЛАЖАГИ, ХАЛҚ ФАРОВОНЛИГИНИ БЕЛГИЛОВЧИ ҲУЖЖАТ

Айни кунларда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Конституциявий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнларда суд тизими ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқдалар.

 

Наманган вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан Наманган муҳандислик-қурилиш институтида бўлиб ўтган тадбирда ҳам “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти кенг тушантирилди.

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси 2023 йилнинг 30 апрель куни ўтказилиши белгиланган умумхалқ референдумига қўйилган.

 

Янги таҳрирдаги Конституция 6 бўлим, 27 боб, 155 моддадан иборат бўлиб:

– биринчи бўлим – Давлат суверенитети;

– иккинчи бўлим – инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари;

– учинчи бўлим – жамият ва шахс;

– тўртинчи бўлим – маъмурий ҳудудий ва давлат тузилиши;

– бешинчи бўлим – Давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши;

– олтинчи бўлим – Конституцияни ўзгартириш тартиби деб номланади.

Янги тахрирдаги Конституция ҳозирда амалда бўлган Конституциядаги моддалардан 27 моддага кўпайган ва 65 фоиз матн янгиланган.

Конституция лойиҳасининг 65-моддасида фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади деб белгиланган. Давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлайди. Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади. Хусусий мулк дахлсиздир. Мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳам ва суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас.

Мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади.  Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак.

 

67-моддада давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаши белгиланган. Тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади. Монопол фаолият қонун билан тартибга солинади ва чекланади.

 

Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир. Ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкин.

Тадбирда шунингдек, Референдум тушунчаси, унинг ташкилий ва ҳуқуқий масалалари бўйича ҳам тушунтиришлар берилди.

 

Албатта, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун Янги Ўзбекистонимизни янада тараққий этишини, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлашнинг асоси сифатида мулк ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилишни,фуқароларимизни қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилиш кафолатини беради.

Умида Солиева,

Наманган вилоят судининг

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

 

КОРРУПЦИЯ – КЕЛАЖАК КУШАНДАСИ

Наманган вилоят судида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан “Суд тизимида коррупциянинг олдини олиш” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Вилоятдаги барча судьялар иштирок этган тадбирда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши буюртмаси асосида суратга олинган “Пушаймон” номли қисқа метражли фильм намойиш этилди. Ушбу фильм бугунги кундаги долзарб муаммолардан бўлган коррупция ва унга қарши курашиш масаласига бағишланган бўлиб, унда порахўрлик оқибатида ўз иши ва виждонига хиёнат қилган, охир-оқибат бу қилмиши орқали жиноятчига айланган судьянинг аянчи қисмати акс этган.

Ушбу фильм намойиши орқали судьялар ва суд тизими ходимларига коррупция тараққиёт кушандаси эканлиги, мазкур жиноятнинг оқибати нафақат порахўрга, балки унинг оила-аъзолари, жамиятга ҳам жиддий зарарлиги кўрсатиб берилди.

Фильм намойишидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьяси Ҳусниддин Камолов кейинги йилларда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, тизимда коррупцион омилларни баратаф этиш бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилгани, айниқса, судьяларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлаб ўтди. Бугун ҳар бир судья ва суд ходими ана шу эътибордан келиб чиқиб ўз ишига виждонан ёндошиши кераклиги, бунинг учун эса энг аввало коррупцион ҳолатларга қўл урмаслиги айтиб ўтилди.

Тадбирда шунингдек, айни кунларда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Конституциявий ислоҳотлар амалга оширилаётгани, бунда эса ҳар бир мамлакат фуқароси фаол ва ташаббускор бўлиши лозимлиги айтиб ўтилди. “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасиги киритилган суд-ҳуқуқ йўналишидаги янгилик ва ўзгартиришлар ҳақида тушунчалар берилди.

РЕФЕРЕНДУМ ҚОНУНЧИЛИГИ ВА АМАЛИЁТИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий  қонун лойиҳаси қабул қилинди ҳамда 2023 йилнинг 14 март куни Сенат мазкур қонунни ва уни жорий йилнинг 30 апрель куни ўтказилиши белгиланган умумхалқ референдумига қўйишни маъқуллади.

Ўзбекистон Республикасининг Референдуми — давлат ва ижтимоий ҳаётнинг энг муҳим масалалари бўйича, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва қарорларни қабул қилиш, уларни ўзгартириш, жамоатчилик фикрини аниқлаш мақсадида умумхалқ овоз бериши бўлиб, халқ ҳокимиятини бевосита амалга ошириш воситасидир.

Референдумда қабул қилинган қарорлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида олий юридик кучга эга бўлади ва фақат референдум ўтказиш йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари референдумда қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган руҳий касал фуқаролар, шунингдек суднинг ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган ёхуд жиноят-процессуал қонунларда белгиланган тартибда олдини олиш чораси қўлланган — ҳибсда ушлаб турилган шахслар референдумда қатнашмайдилар.

Келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий ҳолати, ирқи ва миллати, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, сиёсий ва ўзга қарашлари, муайян жойда қанча яшаётганлиги, машғулот тури ва характерига қараб фуқароларнинг референдумда қатнашиш ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита чеклаш ман этилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари референдумда ихтиёрий тарзда бевосита иштирок этадилар.

Референдумда овоз бериш яширин ўтказилади, фуқароларнинг ўз хоҳиш иродаларини изҳор этишларини назорат қилишга йўл қўйилмайди

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари референдумда тенг асосларда иштирок этадилар. Ҳар бир фуқаро шахсан овоз беради ва бир овозга эга бўлади.

Референдумни тайёрлаш ва уни ўтказиш давомида кенг ошкоралик, жамоатчиликнинг иштироки таъминланади.

Қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, оммавий ҳаракатлар, референдумни ташкил этишда ва уни ўтказишда қатнашаётган давлат ва жамоат идоралари ўз фаолиятларини очиқ ва ошкора амалга оширадилар.

Сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, бошқа жамоат бирлашмалари ва оммавий ҳаракатлар, меҳнат жамоалари ва фуқароларга референдумга киритилажак масалани ёқлаб ёки унга қарши бемалол ташвиқот юргизиш ҳуқуқи кафолатланади.

Овоз бериладиган кунда ташвиқот олиб бориш ман этилади.

Референдумга оид барча масалалар, шунингдек референдумга киритилажак қонун ёки ўзга қарорларнинг лойиҳалари тегишли идоралар томонидан қабул қилинганидан кейин етти кун мобайнида оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши керак.

Оммавий ахборот воситалари референдумни тайёрлаш қандай бораётганини ва унинг ўтишини ёритиб турадилар, уларнинг вакилларига референдум билан боғлиқ бўлган барча йиғилишлар ва мажлисларга бемалол кириш ва тегишли ахборотни олиш кафолатланади.

Референдум комиссиялари ўзларининг таркиби, манзилгоҳи ва иш вақтидан, овоз бериш участкаларининг ташкил этилганлигидан ва референдумда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг рўйхатидан аҳолини ўз вақтида воқиф қилади.

Референдумни тайёрлаш ва уни ўтказиш харажатлари Ўзбекистон Республикасининг давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг референдумда қатнашиш, ташвиқот юритиш ҳуқуқидан эркин фойдаланишларига зўравонлик билан, алдаш, таҳдид қилиш ёки ўзга йўл билан қаршилик қилувчи шахслар, шунингдек референдум ҳужжатларини сохталаштирган, овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаган, яширин овоз бериш принципини бузган ёки ушбу Қонунни ўзгача тарзда бузган референдум ўтказувчи комиссиянинг аъзолари, давлат ва жамоат идораларининг мансабдор шахслари, сиёсий партиялар ва ҳаракатларнинг вакиллари, ташаббускор гуруҳнинг аъзолари, имзо тўплаётган шахслар қонунда белгиланган жавобгарликка тортиладилар. Референдум ўтказувчи комиссиянинг аъзоларига нисбатан ҳақоратловчи муносабатда бўлган шахслар ҳам жавобгарликка тортиладилар.

Янги Ўзбекистонимизни янада тараққий этишини, фуқароларимизни қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатини берувчи “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум жорий йилнинг 30 апрель куни ўтказилади. Барча фуқароларимиз мазкур референдумда фаол иштирок этишлари мақсадга мувофиқдир. Зеро, янгиланаётган Конституция – эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдеворидир.

Абдураҳмон Сафаев,

Наманган вилояти судининг

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

ОБОДЛИК ВА ОЗОДАЛИК ТАДБИРИ

Республикамиздаги барча ҳудудларда, давлат ва жамоат ташкилотларида бўлгани каби Наманган вилоят судида ҳам “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди.

Озодалик ва поклик тадбирларида иштирок этган суд ходимлари шу куни юртимиз ободлигига ўз ҳиссаларини қўшдилар.

Умумхалқ хайрия ҳашари вилоятдаги барча судлов ҳайъатлари, туман ва шаҳар судларида уюшқоқлик билан ўтказилди.

ЮРИДИК ТЕХНИКУМДА ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ

Наманган вилоят юридик техникумида битирувчи талабаларни бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркаси ўтказилди.

Тадбир очилишида Наманган вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси А.Сафаев сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан Наманган вилоят юридик техникумида талабаларни яхши билим олишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилганлигини, мазкур жараёнда техникум битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.

Меҳнат ярмаркасида вилоятдаги корхона ва ташкилотлар ўзларидаги бўш иш ўринлари билан иштирок этдилар.

Маълумки, жамиятдаги барча соҳаларга ҳам ҳуқуқшунос кадрларнинг кўмаги зарур. Айни жиҳатдан мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхона-ташкилотлар, фермер хўжаликлари, масъулияти чекланган жамиятлари ҳуқуқшунослар билан меҳнат шартномаси тузиш истагини билдирмоқдалар. Меҳнат ярмаркасида айни жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шу куни кўплаб ёшлар кейинги фаолиятларини суд-ҳуқуқ тизимида олиб боришни ўз олдиларига мақсд қилиб қўйдилар.

Фурқатали Ахмедов,

Наманган вилоят судининг судьяси


ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШ

Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда дахлдор ташкилотлар билан ўтказиладиган муҳокамаларнинг ўрни муҳим. Ана шу жиҳатдан Наманган вилоят жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан 2021-2022 йилларда айрим турдаги жиноят ишларини кўриш амалиёти умумлаштириб чиқилганда, вилоятимиздаги ижтимоий соҳаларда жиноятчилик ошгани маълум бўлди. Шу боис жойларда муҳокама-йиғилишлари ўтказилди.

Наманган давлат университетида бўлиб ўтган тадбирда Наманган вилояти судининг судьялари иштирок этиб, таълим муассасаси ўқитувчилари ва талабалар билан учрашдилар.

Тадбирда талаба-ёшлар ўртасида учраётган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари муҳокама қилинди. Хусусан, ўтган йил давомида мазкур олийгоҳ талабалари ўртасида безорилик билан боғлиқ жиноятлар ошгани, бунга эса айрим талабаларнинг жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимай, турли жанжалларга аралашиб қолаётгани сабаб бўлмоқда. Муҳокамаларда иштирок этган Наманган вилоят судининг судьялари ана шундай талабаларни мисол келтириб, уларга жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жазо тайинлаганини, бу эса вилоятимиздаги нуфузли олий таълим муассасаси учун салбий ҳолат эканини таъкидладилар.

Муҳокамаларда шунингдек, талабаларнинг жиноятга қўл уришига сабаб бўлаётган омиллар таҳлил қилинди. Бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда тизимли ишлар ташкил қилиш лозимлиги белгилаб олинди.

Айни шу каби муҳокама-йиғилиши Наманган вилояти оила ва хотин-қизлар бошқармасида ҳам бўлиб ўтди. Хотин-қизлар ўртасида содир этилган жиноятчилик таҳлиллари ва уларни олдини олишга қаратилган тадбирда Наманган вилояти судининг судьялари томонидан 2022 йил давомида хотин-қизлар ўртасида талончилик билан боғлиқ жиноятлар ошгани айтиб ўтилди. Бунга сабаб бўлаётган омиллар таҳлил қилиниб, жиноятчилик ошган ҳудуд масъулларига тушунтиришлар берилди.

Марказий банкнинг Наманган вилояти бошқармасида бўлиб ўтган ана шундай мулоқотларда Наманган вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари иштирок этиб, молия институтларининг ҳуқуқшунос ва кредит билан боғлиқ амалиётда иштирок этувчи мутахассисларига банк соҳаси билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича айблов ҳукми чиқарилган ҳолатлар юзасидан батафсил тушунча бердилар.

Муҳокамалар якунида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда дахлдор ташкилотлар билан ҳамкорликда фаолият олиб боришга келишиб олинди.

САЙЁР СУД

Жиноят ишлари бўйича Поп туман суди томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилди. Унда туман ички ишлар бўлимининг Пробация гуруҳи ҳисобида турувчи назорат остидаги шахсларнинг иши кўриб чиқилди.

 Ўтказилган сайёр суд мажлисида Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан ички ишлар идораларининг жазодан муддатидан олдин шартли озод қилиш бўйича тақдимномалари кўриб чиқилиб, жазони ўташ даврида меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, жазони ўташ шартлари ва тартибига қатъий риоя қилган 16 нафар назорат остидаги шахслар муддатидан олдин шартли озод қилинди.  

АЁЛЛАРИ ЭЪЗОЗЛАНГАН ЮРТ

Наманган вилоят судида 8 март – “Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда иштирок этган Наманган вилоят суди раиси Алишер Усманов тизимда фаолият олиб бораётган хотин-қизларни гўзаллик ва нафосат байрами билан муборакбод этиб, одил судлов фаолиятини амалга ошириш ва жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг суд идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш йўлидаги беқиёс хизматларини эътироф этди.

Шодиёна иштирокчилари бўлган аёлларга эҳтиром кўрсатилиб, ташаккурнома ва совғалар топширилди.

Тадбирда шунингдек, Наманган вилоят судининг ўринбосарлари, судьялар ҳам мунис ва мўътабар аёлларни байрам билан табриклаб, самимий тилаклар билдирдилар.

БЎЛАЖАК ҲУҚУҚШУНОСЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Ҳуқуқий тарғибот – ҳуқуқий маданият омили. Айни жиҳатдан Наманган вилояти судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари томонидан Наманган юридик техникумида ҳуқуқий тарғибот тадбири ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ва «Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонлари мазмун-моҳияти ўқувчи-ёшларга атрофлича тушунтирилди. Судьялар мазкур фармонлар ижроси юзасидан одил судловни таъминлаш бўйича вилоят судларида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтдилар. Мазкур жараёнларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, судларни чинакам “Адолат қўрғони”га айлантириш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилаётган таъкидланди.

Тадбирда шунингдек, хотин-қизлар ўртасида зўравонликларнинг олдини олиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам тушунтиришлар берилди.

Ўқувчи-ёшларнинг мавзу бўйича билдирган фикр-мулоҳазалари ва берган саволларига судьялар томонидан жавоблар қайтарилди.  

Раънохон Мамажонова,

Наманган вилояти судининг

иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьяси

Skip to content