Мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича қонунчилик доирасидаги ислоҳотларга қўл урилмоқда. Хусусан, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар қоидаларини амалга ошириш мақсадида “Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари қабул қилингани мазкур йўналишда тизимли ишлардан дарак.
Шу йилнинг 11 апрель куни Президент томонидан имзоланган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларининг ишончли ҳимояси кафолати бўлди.
Мазкур қонун 18 моддадан иборат бўлиб, хотин-қизлар ва болаларга нисбатан шилқимлик ҳамда зўравонликнинг олдини олишга, оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилашга, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқлари билан боғлиқ халқаро индексларда мамлакатимизнинг ўрнини яхшилашга хизмат қилади. Шунингдек Болалар масалалари бўйича миллий комиссия, болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туманлар (шаҳарлар) комиссиялари фаолиятининг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратади.
Мазкур қонуннинг 12-моддаси билан Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан Қонун қуйидаги мазмундаги 231-модда билан тўлдирилди.
«231-модда. Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш
Тазйиқ ва зўравонлик ёки уларни содир этиш хавфи бартараф этилмаган тақдирда, тегишли ҳудудда тазйиқ ва зўравонликнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга ошириш учун масъул бўлган ички ишлар органининг мансабдор шахси томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг аризасига кўра, бир иш куни ичида ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш бўйича материаллар тайёрланади ҳамда ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома расмийлаштирилган ҳолда жабрланувчининг яшаш жойидаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига юборилади.
Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан йигирма тўрт соат ичида ёпиқ суд мажлисида жабрланувчи ҳамда тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс ҳозирлигида кўриб чиқилади.
Илтимосномани судда кўришда адвокат иштирок этиши мумкин.
Жабрланувчининг ҳамда тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахснинг суд мажлисига келиши ички ишлар органи ходими кузатуви остида амалга оширилади.
Тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахснинг суд мажлисида узрсиз сабабларга кўра ҳозир бўлмаганлиги ишни кўриб чиқишга монелик қилмайди. Агар суд мазкур шахснинг судда ҳозир бўлишини шарт деб топса, суд уни мажбуран олиб келиш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин.
Судья иш материаллари билан танишиб чиққанидан кейин ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисида ёки ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш ҳақида қарор чиқаради.
Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарорда қуйидагилар кўрсатилади:
ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор қабул қилинган вақт ва жой ҳақидаги маълумотлар, қарорни қабул қилган суднинг номи, судьянинг, тарафларнинг, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;
тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳамда тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган санаси ва жойи, машғулотининг тури ҳамда яшаш жойи;
ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар;
тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга нисбатан қўлланилган, ушбу Қонуннинг 26-моддасида назарда тутилган чекловларнинг рўйхати.
Суднинг ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарори ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради ва ички ишлар органлари томонидан дарҳол ижро этилади.
Судья тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга қарор устидан шикоят қилиш тартиби ва муддатини, шунингдек ҳимоя ордери талабларини ҳамда уларни бажармаслик оқибатларини тушунтиради.
Қарорнинг кўчирма нусхаси тазйиқ ва зўравонликнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга ошириш учун масъул бўлган ички ишлар органининг мансабдор шахсига, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига, шунингдек тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга дарҳол топширилади.
Агар улар суд мажлисига келмаган бўлса, қарорнинг кўчирма нусхаси бир сутка ичида почта орқали тарафларга юборилади.
Суднинг ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ёки ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги қарори устидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи, тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс, агар ишда иштирок этган бўлса, уларнинг адвокати, қонуний вакили томонидан 72 соат ичида апелляция тартибида шикоят қилиниши мумкин.
Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиниши унинг ижро этилишини тўхтатиб турмайди.
Ҳимоя ордери талабларининг бажарилиши устидан назорат ички ишлар органи томонидан амалга оширилади»;
Қонуннинг 24-моддасининг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«Ўн саккиз ёшга тўлмаган, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига ҳимоя ордерини бериш ҳамда уни узайтириш тўғрисидаги ариза уларнинг қонуний вакили ёки васийлик ва ҳомийлик органининг вакили ҳозирлигида кўриб чиқилади»;
Қонуннинг 26-моддаси эса қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилди:
«Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш масаласини ҳал қилишда, суд мазкур модданинг биринчи қисмида назарда тутилган чекловлардан ташқари қуйидаги чекловларни қўллашга ҳақли:
тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг муайян жойларга боришини тақиқлаш;
наркологик касалликдан амбулатория ёки стационар шароитларда даволаниш каби мажбуриятлардан бирини ёки бир нечтасини тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг зиммасига юклатиш;
тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг жабрланувчи яшайдиган уй-жой майдонидан ёки унинг бир қисмидан фойдаланиш, жабрланувчининг иш жойига ёки у жойлашган бошқа жойларга яқинлашиш ҳуқуқини вақтинчалик чеклаш»;
иккинчи ва учинчи қисмлари тегишинча учинчи ва тўртинчи қисмлар деб ҳисоблансин;
учинчи қисмидаги «биринчи қисмида» деган сўзлар «биринчи ва иккинчи қисмларида» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
тўртинчи қисмидаги «Агар ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги масалани» деган сўзлар «Агар ҳимоя ордерини бериш ва унинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги масалани» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
Ушбу қонун хотин-қизлар ва болаларга нисбатан шилқимлик ва зўравонликнинг олдини олишга, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш, мустаҳкамлашга, шунингдек, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқлари билан боғлиқ халқаро мезонларда мамлакатимиз ўрнини яхшилашга хизмат қилади.
Санобар Тўрабоева,
фуқаролик ишлари бўйича
Наманган туманлараро судининг судьяси